14:12 | 15.07.24

                       

Боқувчиси чет элга ишлашга кетган оилаларга ёрдам пули берилади

Боқувчиси чет элга ишлашга кетган оилаларга БҲМ 2 баравари миқдорида бир марталик моддий ёрдам берилади.

«Ўзбекистон фуқароларини хорижда ташкиллаштирилган тартибда ишга жойлаштириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги 2024 йил 1 октябрдан бошлаб Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан:

Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимлари ёрдамчиларининг ёзма тавсияномасига асосан:

  1. боқувчиси хорижга меҳнат миграциясига чиқиб кетган ва «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатда бўлган оилаларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида бир марталик моддий ёрдам;
  2. меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатда бўлган ёки «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»дан бирига киритилган, ногиронлиги бўлган оила аъзоларига дори-дармон, ногиронлик аравачалари, эшитиш аппаратлари ва ортопедик маҳсулотлар харид қилиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида бир марталик моддий ёрдам;
  3. меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасида улар билан бирга истиқомат қилувчи пенсия ёшига етган ёки I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган оила аъзоларига касаба уюшмалари тизимидаги санаторий ва профилактик даволаниш муассасаларига бир марталик бепул йўлланма;
  4. маҳаллалардаги ёшлар етакчиларининг ёзма тавсияномасига асосан «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатда бўлган ёки «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтаридан бирига киритилган ҳамда меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг болаларига мавсумий фаолият юритадиган оромгоҳларга бепул йўлланмалар беришни йўлга қўяди.

Белгиланишича, жамғарма маблағлари ҳисобидан меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг оила аъзоларига ёрдам пуллари ва йўлланмалар беришда:

  1. ёрдам пуллари ва йўлланмалар башарти меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқаролар Xorijda ish дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган бўлса берилади;
  2.  ёрдам пуллари ва йўлланмаларни олиш учун талабгорлар Xorijda ish дастурий мажмуаси орқали электрон тарзда мурожаат қилади;

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги:

  1. талабгорлардан электрон мурожаат келиб тушган вақтдан бошлаб ўн иш куни ичида уларнинг назарда тутилган талабларга жавоб беришини қўшимча ҳужжатларни сўраб олмаган ҳолда идоралараро электрон ахборот алмашинуви орқали бошқа вазирлик ва идоралардан олинган маълумотлар асосида текширади ҳамда ҳоким ёрдамчилари ва маҳаллалардаги ёшлар етакчиларидан ёзма тавсиянома олади;
  2. назарда тутилган талабларга жавоб берадиган талабгорларнинг рўйхатини шакллантиради ва ҳар ойнинг 25-санасигача жамғармага тақдим этиб боради.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: