13:12 | 04.04.24

                       

ДХХ қатор мансабдорларни коррупция ва фирибгарлик устида ишлади

Фуқаронинг 2,1 млрд сўм ортиқча пул олгани аниқлангани юзасидан тузилган далолатномани бекор қилиб бериш эвазига 30 минг АҚШ доллари талаб қилган мансабдор ушланди.

Давлат хавфсизлик хизмати томонидан қатор ҳудудларда коррупция ва фирибгарлик ҳолатларига чек қўйилди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Андижон вилояти ҳудудий бошқармасида бўлим бошлиғи ўринбосари лавозимида ишловчи шахс Андижон шаҳрида фармацевтика фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖнинг молиявий ҳолати бўйича ўтказилган текширувлар жараёнида, МЧЖга қарашли дорихоналар томонидан дори воситаларини белгиланган референт нархлардан қиммат нархларда сотиш орқали истеъмолчилардан 2,1 млрд сўм ортиқча пул олингани ҳолати аниқлангани юзасидан тузилган далолатномани бекор қилиб бериш эвазига 30 минг АҚШ доллари талаб қилади.

Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги департамент билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, мазкур мансабдор шахс 22,5 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди. Терговга қадар текширув давомида, у муқаддам 7,5 минг АҚШ доллари олгани ҳам маълум бўлди.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда «Ўзбекистон шаҳарсозлик бўйича лойиҳалаш илмий-тадқиқот институти» давлат муассасасининг архитектори андижонлик тадбиркордан 20 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Аниқланишича, архитектор «Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси» ДУКнинг Андижон вилояти филиали директори лавозимида ишловчи ўзининг отаси билан тил бириктириб, тадбиркорга Андижон шаҳридаги 2 та манзилда кўп қаватли турар жой биноларини қуришига оид қурилиш соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни тегишли ташкилотлардаги танишлари орқали расмийлаштириб беришни ваъда қилган.

Ҳозирда архитектор ва унинг отасига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28,211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Давлат хавфсизлик хизматининг Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ИЖҚКД билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, вилоят туманларидан биридаги «Баркамол авлод» болалар мактаби директори ўзининг юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали, Қарши туманидаги мактаб директорининг ўринбосарини Яккабоғ туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи лавозимига тайинланишида ёрдам бериш эвазига 55 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 30 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28,211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: