13:50 | 30.07.21

                       

Дуров Telegram нима учун коронавирус ҳақидаги сохта хабарларни блокламаслигини айтди

У ўзининг 20 йиллик тажрибасига асосланиб бунга жавоб берди

Telegram асосчиси, миллиардер Павел Дуров мессенжер коронавирус ҳақидаги сохта хабарларни блокламаслиги, чунки цензура кўпинча нотўғри ғояларга қарши курашни мураккаблаштиришини айтди. У бу ҳақда ўзининг Telegram каналида маълум қилди.

Фото: «Reuters»

Келтирилишича, Дуров 20 йиллик мунозара платформаларини бошқариш давомида ёлғон хабарлар модераторлар томонидан олиб ташланганида, улар аксинча кучайиб борганига гувоҳ бўлганини айтган.

«Сохта ғояларнинг тарқалишига чек қўйиш ўрнига, цензура кўпинча уларга қарши курашишни қийинлаштиради», — дея у ҳақиқатни тарқатиш ҳар доим цензурадан кўра самаралироқ стратегия бўлишини таъкидлаган.

Telegram асосчисининг қайд этишича, мессенжерда фойдаланувчилар илмий далилларни акс эттирувчи расмий манбалардан коронавирус ҳақида маълумот олиш ҳуқуқига эга. У компания 19 мамлакатнинг ҳукуматлари билан ҳамкорликда мессенжер фойдаланувчиларига COVID-19 бўйича сўнгги маълумотларни тақдим этаётганини қўшимча қилган.

Аввалроқ Facebook коронавируснинг сунъий келиб чиққани ҳақидаги хабарларни ўчиришни тўхтатганди. Шунингдек, Telegram асосчисининг фарзандлари Forbes’нинг энг бой меросхўрлар рейтингига киритилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: