12:07 | 26.01.24

                       

Экология вазирлиги биносида бир нечта масъул шахслар иштирокида учрашув бўлиб ўтди

Экология вазирлиги биносида бир нечта масъуллар иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

25 январ куни Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги биносида Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар (МФЙ) бошқармаси бошлиғи Зокир Раҳимов, БМТ Тараққиёт дастурининг атроф-муҳит ва иқлим бўйича кластери раҳбари Баҳодир Палуаниязов, Оролбўйи сувли-ботқоқли ҳудудларни бошқариш лойиҳаси раҳбари Акмал Исматов ва бошқалар иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Фото: Экология вазирлиги

Учрашувда «Орол денгизи ҳавзаси ландшафтининг таназзул ерларида барқарор ҳаётни таъминлашни қўллаб-қувватлайдиган асос сифатида кўллар, сув-ботқоқ ерлар ва қирғоқбўйи ҳудудларни сақлаш ҳамда бошқариш» қўшма лойиҳаси доирасида қилинаётган ишлар юзасидан музокаралар олиб борилди. Шунингдек, «Жанубий Устюрт» ва «Марказий Қизилқум» миллий табиат боғларига иккита йўлтанламас автомобиль топширилди. Лойиҳа Экология вазирлиги, БМТ Тараққиёт дастури ва Глобал экологик фонд (ГЕФ) билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Фото: Экология вазирлиги

Тадбирда лойиҳанинг асосий мақсад ва вазифаларига тўхталиб ўтилди.

«4 йил давомида амалга ошириладиган мазкур лойиҳа муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни кенгайтириш, сувли-ботқоқли ерларни сақлашга қаратилган. Лойиҳа доирасида муҳофаза ҳудудлари мониторинги марказини очиш ҳам кўзда тутилган», — деди Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар бошқармаси бошлиғи Зокир Раҳимов.

Фото: Экология вазирлиги

Ўз навбатида Акмал Исматов МЕТҲларда илмий тадқиқотлар сонини ошириш муҳим эканлигини таъкидлади.

«Лойиҳанинг асосий мақсади Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни самарали бошқариш, Қуйи Амударё ва Орол денгизи ҳавзаларида экотизимларнинг барқарорлиги ва яшаб қолиши учун шарт-шароитлар яхшилашдир, — деди у. — Йўлтанламас автомобиллар ва бошқа техника воситалари эса қўриқхоналардаги илмий ишларни кучайтиришга, меҳнат шароитларини янада яхшилашга хизмат қилади».

Фото: Экология вазирлиги

Маълумот учун, лойиҳа доирасида 2023-2026 йиллар давомида умумий майдони 3 миллион гектардан ортиқ бўлган бешта янги муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар: «Жанубий Устюрт», «Оролбўйи», «Марказий Қизилқум» миллий табиат боғлари, «Судоче-Акпетки», «Борсакелмас» буюртма қўриқхоналарини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш бўйича босқичма-босқич чора-тадбирлар амалга оширилади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: