18:14 | 05.05.21

                       

Эксперт минбари. Тоғли Қорабоғ муаммосини ҳал қилишга уриниш сиёсати: Бишкек протоколи

Bugun.uz эскперти Жаҳонгир Эргашев мазкур келишувнинг имзоланиши тарихи, ундан кўзланган мақсад ва вазифаларнинг моҳиятини тушунтириб беради

Совет Иттифоқи парчалиниши манзарасида Тоғли Қорабоғдаги низо Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги қонли урушга айланиб кетади. Совет Иттифоқи парчалиб кетганидан сўнг ташкил топган МДҲ мамлакатларининг парламентлараро ассамблеяси Тоғли Қорабоғ атрофида юз бераётган сиёсий низони ҳал қилишда муҳим вазифани бажарди. Бу йил Тоғли Қорабогдаги низони ҳал қилишга хизмат қилган Бишкек протоколининг имзоланганига 27 йил тўлади. «Bugun.uz» эскперти Жаҳонгир Эргашев мазкур келишувнинг имзоланиши тарихи ва ундан кўзланган мақсад ва вазифаларнинг моҳиятини тушунтириб беради.

Тоғли Қорабоғ можаросининг илдизлари

Фото: «Wikipedia»

Озарбайжонликлар Қорабоғ, арманлар Артсах деб атайдиган 4,5 минг километр квадрат ҳудудда асосан арман миллати вакиллари истиқомат қилиб, бу ҳудуд Озарбайжон Совет Социалистик Республикаси ҳудудида жойлашганди. Париж тинчлик сулҳига биноан Арманистон таркибида 1921 йили Тоғли Қорабоғ мухтор вилояти ташкил этиш борасида қарор қабул қилинди. Аммо ҳеч қанча вақт ўтмасдан 1923 йилда Озарбайжон таркибидаги Тоғли Қорабоғ мухтор вилояти ташкил қилинди. Озарбайжон ҳудудида жойлашган арманлар истиқомат қилувчи ҳудуд ўзига хос анклавга айланди. Совет даврида бу ҳудудда ҳеч ким миллатчилик кайфиятига берилмаган, арманлар кундалик юмушлари билан банд эди.

Аммо Совет Иттифоқида М.Горбачёвнинг «перестройка» сиёсати эълон қилиндию, Тоғли Қорабоғни Арманистонга қўшилишини талаб қилувчи чақириқлар, тарғиботлар ҳам муттасил кучая бошлади. 1991 йил 2 сентябрь санасида Тоғли Қорабоғ вилояти кенгаши ва Шаумян туман кенгаши депутатлари қўшма йиғилишда Тоғли Қорабоғ республикаси ташкил қилинганини эълон қиладилар. Шу йилнинг декабрь ойида ўтказилган референдумда Тоғли Қорабоғдаги арманлар ҳудуднинг мустақил бўлишини бир овоздан ёқлаб чиқдилар. Озарбайжон тарафи эса мазкур референдум ва мустақиллик иддао қилаётган Тоғли Қорабоғ республикасининг ноқонуний эканини билдирди.

Тоғли Қорабоғдаги низо авж палласига кирган пайтда Совет маконида аллақачон 15 та мустақил давлат ташкил топган ва улар Озарбайжон ва Арманистондаги воқеаларга кўз юмиб тура олмасди. 1991 йилнинг куз фаслида Россия ва Қозоғистон президентлари Тоғли Қорабоғнинг маркази Степанакертга ташриф билан келди ва кейинроқ Боку ва Ереван раҳбариятини тинчлик музокараларини бошлашга чақирди. Аммо мўъжиза юз бермади. Ихтилоф давом этди.

Халқаро ҳамжамиятнинг вазиятни тинч йўл билан бартараф этилишида иштироки муҳим мавзуга айланди. Натижада БМТ ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги низони ҳал қилиш учун аралашишга тўғри келди. 1992 йилда Озарбайжон ҳам, Арманистон ҳам ЙХҲТга аъзо давлатлар сифатида қабул қилинди. Бу эса ЙХҲТнинг минтақага ўзининг тинчликпарвар кучларини юборишига имкон берди. ЙХҲТ ташкилоти Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги низони ҳал қилиш учун Минск учрашувини ташкил қилди, бироқ Минск келишуви музокараларида низолашаётган тарафларнинг бир-бирларига нисбатан иддаолари кўпайганидан, олтин ўрталиқни топиш имконсиз бўлиб қолганди. Натижада Минск келишувини ўтказиш номаълум муддатга қолдирилади.

Фото: «Novaya Epoxa»

Бишкек протоколининг имзоланиши

1992 йилда бош қароргоҳи Санкт-Петербург шаҳрида жойлашган МДҲ мамлакатлари парламентлараро ассамблеяси ташкил қилинди ва Озарбайжон ҳамда Арманистон ҳам мазкур халқаро ташкилотнинг аъзолигига қабул қилинди. Мазкур ташкилот Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги можарони ижобий ҳал қилиш учун Қирғизистон парламентининг ўша кезлардаги спикери М.Шеримқулов бошчилигида ишчи гуруҳи тузади. Ишчи гуруҳи Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги низони ҳал қилиш учун Болтиқ денгизида жойлашган Аланд ороллари тажрибасидан фойдаланишни таклиф қилади. Гап шундаки, Финляндия таркибидаги мухтор вилоят тажрибаси озарлар ва арманларни келишувга келиши учун намуна бўлиб хизмат қилиши назарда тутилади. 1993 йилнинг 21–22 декабрь кунлари Мариехамнада Озарбайжон, Арманистон ва Тоғли Қорабоғ расмийлари ўртаисида Финляндия ва Швеция Аланд ороллари борасидаги низони қандай ҳал қилганликлари тажрибасини ўрганиш мақсадида учрашув ташкил қилинади. Айни шу учрашув чоғида М.Шеримқулов томонлар ўртасидаги навбатдаги учрашувни Бишкекда ўтказиш ғоясини беради.

1994 йилнинг 4 май санасида Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида МДҲ мамлакатлари парламетлараро ассамблеяси иштирокчилари, Россия ташқи ишлар вазирлиги, Аланд ороллари парламенти депутатлари ва Озарбайжон Миллий Мажлиси спикери Офияддин Жалилов, Арманистон Олий Кенгаши раиси Бабкен Арарктсян Тоғли Қорабоғ мухтор вилояти парламенти депутати Карен Бабурян ўртасида музокаралар бўлиб ўтади. Икки кун қизғин давом этган баҳслардан кейин тарафлар 1994 йилнинг 5 май санаси оқшомида келишув имзолашга муваффақ бўлади. Тоғли Қорабоғ вакили ҳам учрашувда тенг ҳуқуқли эканлиги таъкидланади ва битим остига имзо чекади.  Бишкек протоколи имзоланади.

Бишкек протоколи имзоланиши Озарбайжон ва Арманистон ҳукуматларига қуйидаги вазифаларни зудлик билан бажариш масъулиятини ҳам юклайди:

  • озар ва арман халқларининг тинч яшашига тўсиқ бўлаётган, минтақадаги тинчликка раҳна солаётган Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ихтилофни тўхтатишга қатъий киришиш;
  • 1994 йил 18 февралдаги протоколга биноан 8 майдан 9 майга ўтар кечаси кечки соат 12:00 да ўт очишни батамом тўхтатиш ва қисқа фурсатда низолашаётган тарафлар тинчлик битимини юридик жиҳатдан мустаҳкамлашга хизмат қиладиган келишувни имзолаши, босиб олинган ҳудудлардан ўз ҳарбий қўшинларини олиб чиқиб кетиш, алоқа тизимларини қайта ишга тушириш, қочоқларни ўз ватанларига қайтариш, тинчлик музокараларини давом эттириш;
  • Қуролли тўқнашувга йўл қўймаслик учун тинчлик учун асос яратадиган икки ва кўп томонлама диалогларни тез-тез ўтказиб туриш;

Шуниндек, Бишкек протоколида мазкур келишувнинг имзоланишида бош-қош бўлган Қирғизистон раҳбарияти ва қирғиз халқига самимий миннатдорлик изҳор қилиш каби бандлар ҳам киритилганди. 12 майдан эса Бишкек протоколи кучга киради ҳамда Озарбайжон ва Арманистон ҳукуматлари оташ кесимга амал қила бошлайди.

Фото: «Twitter»

Бишкек протоколи МДҲ мамлакатларининг халқаро дипломатиядаги сезиларли ғалабаси ҳам эди. Чунки янги ташкил топган МДҲ мамлакатлари раҳбариятида ҳали етарли дипломатик тажриба мавжуд эмаслиги инобатга олинса, икки  низолашаётган қўшни мамлакатларни яраштириш дилпоматиянинг олий кўриниши ҳам эди.

Бишкек протоколи имзоланганига бугун 27 йил тўлди. Гарчи Бишкек протоколи Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги оташ кесимга сабаб бўлган бўлса-да, аммо 2020 йилда Тоғли Қорабоғда юз берган навбатдаги қонли воқеалар расмий Боку ва Ереван ўртасидаги ихтилофлар охирига қадар ҳал қилинмаганини кўрсатиб қўйди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: