21:05 | 02.11.23
Кўргазма Франция президентида катта таассурот қолдирган.
Олдинроқ, Франция президенти Эммануэл Макрон расмий ташриф билан Ўзбекистонга келиши айтилиб, унинг ташрифи доирасида 1-2 ноябр кунлари Самарқандда кўплаб музокаралар бўлиб ўтиши режалаштирилганди. Шундан сўнг, кеча, 1 ноябр куни икки давлат раҳбари Самарқандда учрашиб, тунги шаҳарни сайр қилишганди.
Бугун, 2 ноябр куни Самарқанд шаҳрида Франция етакчисини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтган. Сўнг олий даражадаги музокаралар бошланган. Музокаралардан сўнг, икки давлат етакчилари Самарқанддаги Конгресс маркази боғида дарахт экишган.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Президент Шавкат Мирзиёев ва Франция президенти Эммануел Макрон Ўзбекистоннинг маданий меросига бағишланган кўргазма билан танишишган.
Унда республиканинг 7 та музейидан экспонатлар жамланган. Нодир ашёлар эса хронологик экскурсия тарзида жойлаштирилган.
Кўргазма 3 та бўлимдан иборат бўлиб, биринчи бўлим қадимги давлатлар даври, маданиятларнинг Ипак йўли орқали тарқалиши, Кушонлар империяси ҳақида бўлиб, ҳайкалчалар, тилла буюмлар ва тангалар намойиш этилган. Уларнинг айримлари Ўзбекистон ва Франция олимларининг биргаликдаги экспедициясида топилган.
Айтилишича, кўргазма Франция президенти ва делегация аъзоларида катта таассурот қолдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Макрон Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишини қўллаб-қувватлаганди. Сўнгра Франция раҳбари Ўзбекистонга нима учун келгани ҳақида шахсий саҳифасида ўзбек тилида пост қолдирганди. Бундан ташқари, Макрон Қозоғистонга бориб, Тўқаев билан биргаликда ошиқ ўйнаганди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: