19:41 | 06.03.24
Ер қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этишда самарали давлат назоратини амалга ошириш мақсадида Кадастр агентлиги томонидан «Е-ер назорат» дастури ишлаб чиқилди.
Кадастр агентлиги ахборот хизмати раҳбари Неъмат Атамуратовнинг сўзларига кўра, ушбу дастур бир қатор имкониятларни беради.
«Жумладан, назорат тадбирларини амалга оширишда ортиқча қоғозбозлик ҳамда эҳтимолий коррупцион ҳаракатларнинг олдини олиш, ер қонунбузилиш ҳолатларини аниқлашдан то бартараф этишгача бўлган жараёнларни мониторинг қилиб бориш, ерга оид қонунбузилишлар ва уларнинг бартараф этилиши тўғрисидаги статистик маълумотларнинг автоматлаштирилган электрон ҳисобини юритиш имконини беради.
Шу билан бирга, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш, ерлардан мақсадсиз фойдаланиш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ўз муддатида мурожаат қилмаслик ҳолати бўйича манзилли маълумотлар базасини яратиш имконини беради», — дейди Неъмат Атамуратов.
Ҳозир кунда «Е-ер назорат» дастурини Олий суд, Бош прокуратура, МИБ, ИИВ, «Ўзбеккосмос» ва «Ўзбекистон почтаси» каби бир қатор идораларнинг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш ишлари якунланиш жараёнида. Шунингдек, Кадастр агентлиги томонидан давлат ер назорати тадбирларини амалга оширишга мўлжалланган 790 дан ортиқ махсус планшетлар ер назоратчи инспекторларга етказилди.
Жорий йил 1 мартдан Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоятида синов тариқасида назорат тадбирларини планшетдан фойдаланиб, ер қонунбузарлик жойининг ўзида электрон расмийлаштириш ишлари йўлга қўйилди. Синов натижаларидан келиб чиқиб, 2024 йилнинг май ойидан бошлаб республика бўйича давлат ер назорати тадбирларини махсус планшет ва боди камерадан фойдаланган ҳолда ўтказиш режалаштирилган.
Ушбу планшет ва боди камералар орқали ўтказилган ер назорати тадбирлари «Е-ер назорат» автоматлаштирилган ахборот тизими асосида ишлайди ҳамда ҳуқуқбузарликни аниқлашдан бошлаб тегишли чоралар кўрилишига қадар бўлган барча жараёнлар электрон шаклда расмийлаштирилади. Назорат тадбирларининг ҳар бир босқичи тегишли тартибда мониторинг қилиб борилади. Фуқаролар ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ва у ерга ноқонуний қурилмалар қуриш ҳолатлари юзасидан Кадастр агентлигининг 1097 қисқа рақами ёки kadastr.uz сайти орқали хабар беришлари мумкин.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: