14:58 | 24.08.23
Бортда Вагнер ҳарбийларининг яна бир қўмондони бўлган.
23 август куни кечқурун Москвадан Санкт-Петербургга учган Embraer-135 (EBM-135BJ) бизнес-жети Твер вилоятида ҳалокатга учради. Самолёт бортида Вагнер асосчиси Евгений Пригожин ва унинг ўнг қўли Дмитрий Уткин бўлган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, бортдаги барча йўловчилар ҳалок бўлган. Ҳалокат Москва вақти билан соат 19:20 да содир бўлган.
Самолёт Бологовский туманидаги Куженкино қишлоғи яқинида қулаган. Бу Твер вилоятининг шимоли-ғарбий қисми бўлиб, Москвагача бўлган масофа тахминан 300 кмни ташкил қилади.
Самолёт бортида ўн киши бўлган ва улардан уч нафари экипаж аъзоси ҳисобланади. Дастлабки маълумотларга кўра, бортдагиларнинг барчаси ҳалок бўлган, — деб маълумот берган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.
Ҳодисадан кўп ўтмай Ҳаво транспорти федерал агентлиги ҳам йўловчилар рўйхатида Евгений Пригожин борлигини маълум қилган.
Москва вақти билан соат 23:00 атрофида Пригожин ҳақиқатан ҳам бортда бўлгани тасдиқланди. Шунингдек, бортда Ҳарбий компания қўмондони Дмитрий Уткин (Вагнер лақабли) ҳам борлиги тасдиғини топган. Бундан ташқари, йўловчилар рўйхатида Валерий Чекалов, Сергей Пропустин, Эвгений Макарян, Александр Тотмин ва Николай Матусеэвлар бўлган. Валерий Чекалов Россияга қурол етказиб беришни соддалаштиргани сабаб АҚШ санкциялари рўйхатига киритилган шахс бўлган.
Федерал ҳаво транспорти агентлиги маълумотларига кўра эса, ҳалокатга учраган самолёт MNT Aero компаниясига тегишли бўлган. Агентликнинг қўшимча қилишича, июл ойи ўрталарида ҳалокатга учраган EBM-135 самолётидан ташқари яна иккита бизнес-жет: BAe-125 ва Hawker 800XP мавжуд бўлган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги манбанинг РБК нашрига айтишича, тергов бизнес-жет ҳалокатининг турли версияларини, жумладан, ташқи таъсир, техник муаммолар ва учувчи хатосини кўриб чиқмоқда. Маҳаллий нашрларининг ёзишича, махсус хизматлар ҳам тергов жараёнига жалб қилинган.
Самолёт бортида бўлган барча марҳумларнинг жасади топилган. Ал-Жазира телеканали Вагнердаги манбасига таяниб, Пригожиннинг телефони ҳалокат жойидан топилганини маълум қилди.
Пригожиннинг самолёти қулаган Куженкино қишлоғидаги эски фермага олиб борувчи йўл ОАВ ва йўл полицияси томонидан тўсиб қўйилган. Воқеа жойига Тергов қўмитасининг машиналари етиб келишда давом этмоқда. Москва вақти билан 3:45 ҳолатига кўра, 20 га яқин россиялик ва хорижлик журналист Куженкино йўлида қолган.
Эрталаб соат 4:30 дан бошлаб Куженкинога киришни патрул машинаси тўсиб қўйди. Полиция ходимининг айтишича, бу шунчаки йўл тўсиғи, уларнинг ёнида ҳеч қандай вайроналар йўқ.
Embraer парвозини кузатиш имконини берадиган Flightradar24 дастурига кўра, Москва вақти билан соат 18:10да реактив самолёт 8,5 км баландликка кўтарилиб, соат 18:19 гача ушбу баландликда парвозни давом эттирган. Шундан сўнг, самолёт тартибсиз равишда баландликка кўтарилиб яна пасайиб кетган. Сўнгги маълумотлар соат 18:20 да олинган ва шу вақт Embraer тахминан 6 км баландликда бўлган. Flightradar24 вакили Ян Петченик аниқлик киритишича, самолёт 30 сонияда 2,4 кмга баландликни йўқотган.
2019 йил қайд этилган АҚШ Ғазначилиги маълумотларига кўра, Пригожинга тегишли бўлган учта самолёт АҚШ санкциялари остида қолган. Улар Hawker 800 XP, British Аerospace 125 ва Embraer ERJ-135 бўлиб, кейинчалик Россиядан ташқарида рўйхатга олинган.
Оқ уй ҳам Твер вилоятида йўловчилар рўйхатида Евгений Пригожин бўлган самолёт ҳалокатга учрагани юзасидан муносабат билдирган.
Нима бўлганини аниқ билмайман, лекин ҳайрон эмасман, — дейди АҚШ президенти Жо Байден журналистларга.
Тадбиркор Илон Маск содир бўлган воқеага муносабат билдириб, ҳолат «психологик операция» бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.
Вагнер ташкилоти Евгений Пригожин томонидан асос солинган хусусий ҳарбий компания ҳисобланади. Украина уруши фонида Вагнер ҳарбийлари Украинанинг Бахмут вилоятида бир қатор ғалабали жанглар олиб борган.
Дмитрий Уткин Вагнерда Евгений Пригожиндан кейинги иккичи шахс ҳисобланади.
Bellingcat суриштирувлар нашри 2020 йилда Уткин «Учинчи Рейх тарихига қизиқувчанлиги» ҳақида ёзгани, бошқа бир ҳисоботда эса уни «танаси жуда кўп нацистлар татуировкалари, жумладан свастика, нацист бургути ва СС чақмоқлари билан безатилган» деб таърифлаган. Вагнер гуруҳи, эҳтимол, унинг шарафига қўйилган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: