8:18 | 16.07.24

                       

Фарғонада 37 ёшли эркак ОLX’да ноутбук сотишини айтиб, пул ўмарди

Фарғонада 37 ёшли эркак ОLX'да ноутбук сотишини айтиб, пул ўмарди. У пулларни харидордан олгандан сўнг ёзишмаларни ўчириб юборган.

Ноутбук сотаман деб фуқароларнинг пулини ноқонуний ундирип келаётган фирибгар қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ ТҚД Киберхавфсизлик маркази матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Фарғона вилоятида яшовчи 36 ёшли А.Ш. мурожаат қилиб, ўз аризасида Telegram’да «номаълум шахс» томонидан 4.000.000 сўм миқдоридаги пуллари фирибгарлик йўли билан ўтказиб олинганлигини маълум қилган.

Ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, ушбу жиноятни Фарғона вилоятида яшовчи 37 ёшли Х.С. содир этганлиги аниқланди.

Унга кўра, Х.С., А.Ш. билан Telegram’да танишиб, унга OLX платформаси орқали «Аcer» русумли компьютер қурилма сотишини айтиб, олдиндан пластик картасига 4.000.000 пулларни ўтказдириб олган ва ёзишмаларни ўчириб юбориб, уни қора рўйхатга киргазиб қўйган.

Мазкур ҳолат юзасидан Х.С.га нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.