17:31 | 28.02.24

                       

Фарғонада 48 дона кучли таъсир қилувчи дори сотаётган фуқаро ушланди

Фарғонада 48 дона кучли таъсир қилувчи дори сотаётган фуқаро ушланди. Унинг кўрсатмасига асосан бир дорихонадан ҳужжатсиз жами 1397 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси ашёвий далил сифатида олинган.

Икки туманда кучли таъсир қилувчи дори воситаларини муомалага киритилишининг олди олинди. Бу ҳақда Прокуратура департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Прокуратура департаменти ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Риштон туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда фуқаро К.А. фуқаро А.А.га 48 дона кучли таъсир қилувчи дори воситасини сотган вақтида ушланган. К.А.нинг кўрсатувига асосан давом этган тадбирда унинг автомашинаси ҳамда «Д.П.» МЧЖга қарашли дорихонадан ҳеч қандай ҳужжатсиз жами 1397 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси ашёвий далил сифатида олинган.

Шу каби, Департаментнинг Бектемир туман бўлими томонидан ИИББ ходимлари билан ҳамкорликда «Бектемир» ЙПХ постида  ўтказилган тезкор тадбирда Cobalt тўхтатилиб кўздан кечирилганда, фуқаро Ж.М. 90 дона «Тропикамид» номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини ўтказиш мақсадида олиб келаётганлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси (кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: