20:12 | 16.07.24

                       

Фарғонада Президент билан учрашган қиз талаба бўлди

«Ўзимиз оддий яшасакда, фарзандларимизнинг пухта билим олиб, бизданда яхшироқ муваффақиятларга эришишини истаймиз». Фарғонада Президент билан учрашган қиз ҳеч қандай имтиҳонларсиз талаба бўлди.

Президент билан учрашган қиз талаба бўлди.

Маълум бўлишича, Фарғона шаҳридаги «Янги Ўзбекистон» массивида Президент билан суҳбатлашган Мадинахон Солиева Жаҳон тиллари университети талабаси бўлган.

Маълумотларга кўра, у Ўзбекистон туманидаги «Зинаша» МФЙда яшайди. Фарғона шаҳрига имтиҳондан ўтиш мақсадида келган ва ижарада яшаган.

Мадинахон жияни билан хиёбонда сайр қилиб юрганида Президентни кўрган.

«Жияним билан хиёбонда сайр қилиб юргандик. Кутилмаганда массивга Юртбошимиз ташриф буюриб, фуқаролар билан суҳбатлашишни бошладилар. Мен ҳам Президентимизга пешвоз чиқиб, самимий тилакларимни айтдим. Ўзимнинг орзу-мақсадларим ҳақида гапириб бердим. Давлатимиз раҳбари мени ўзим орзу қилган олийгоҳда имтиёзли грант асосида ўқишга тавсия қилиб, омад тиладилар. Менга билдирилган бу ишончни албатта оқлаш учун пухта билим олиб, келажакда Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшадиган кадр бўлиб етишишга ҳаракат қиламан», – деди у.

Учрашувдан сўнг Олий таълим вазирлиги вакиллари ҳамда Жаҳон тиллари университети ректори Фарғонага борган. Вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган тадбирда қиз ва унинг онасига ўқишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги сертификат топширилган.

«Ўзимиз оддий яшасакда, фарзандларимизнинг пухта билим олиб, бизданда яхшироқ муваффақиятларга эришишини истаймиз. Шу боис ёшлигидан тил ўрганадиган курсларга жўнатамиз. Мана, бошига бахт қуши қўниб, Яратганнинг инояти туфайли Юртбошимиз билан учрашиб қолди. Имтиҳонсиз, грант асосида ўқишга қабул қилингани эса бизнинг оила учун жуда катта совғадир. Бу имкониятни яратиб берган Давлатимиз раҳбарини оиламиз ҳам, қишлоқдошларимиз ҳам тинмай дуо қилишмоқда. Қизим, албатта, Юртбошимиз билдирган ишончни оқлайди», – деди қизнинг онаси.