15:00 | 23.07.24
Фарғонадаги дорихона эгаси мактаб ўқувчиларига психотроп дорилар сотди. Жиноятчи 5 йилга қамалган.
Фарғонада кучли таъсир қилувчи воситалар савдоси билан шуғулланиб келаётган дорихона аниқланди.
Маълум қилинишича, фуқаронинг аризасига асосан Фурқат тумани тегишли орган ходимлари билан ўтказилган тезкор тадбирда сотуви чекланган дориларни сотган дорихона эгаси қўлга олинган.
«Кўпроқ шу ўрта ёшли мактаб болалари истеъмол қилганларини кўрганман. Шунинг учун шу ёшдаги болаларга сотганман» — деди дорихона эгаси.
Мазкур иш бўйича олинган ашёвий далиллар жиноят ишлари бўйича Фурқат тумани судига юборилган. Суд ҳукмига кўра, дорихона эгасига Жиноят Кодексининг 251 моддаси (Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда эгаллаш) ҳамда 57 моддаси (Енгилроқ жазо тайинлаш) қўлланилиб, 5 йил қамоқ жазоси тайинланган.