20:39 | 24.07.24
⚡️Париж Олимпиадаси вақтида теракт уюштиришни режа қилган шахс ушланди. Хавфсизлик юзасидан томошабинларнинг сони қарийб 2 баробарга қисқартирилди.
Франция полицияси 2024 йилда Парижда бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинлари вақтида теракт тайёрлаганликда гумон қилинган эркакни қўлга олди. Бу ҳақда Миллий аксилтеррор прокуратураси (ПНАТ)га таяниб, «Report» сайти хабар берди.
Маълум қилинишича, Жиронда департаментида 18 ёшли йигит ҳибсга олинган. Қўлга олинган шахс террорчилик гуруҳида иштирок этганликда гумон қилинмоқда.
Қайд этилишича, у ижтимоий тармоқлардаги хабарларида «айниқса, спорт мусобақалари вақтида жиноий ҳаракатлар содир этиш» ниятида эканлигини айтган.
Маълумот учун, Олимпия ўйинлари 26 июлдан 11 августгача бўлиб ўтади. 2024 йилги Олимпиаданинг очилиш маросими биринчи марта стадион ташқарисида ўтказилади, унда 10 500 нафар спортчи Сена дарёси бўйлаб қайиқларда Париж марказидан сузиб ўтади.
Очилиш маросимида юзага келиши мумкин бўлган таҳдидларнинг хавфини ҳисобга олиб, томошабинлар сонини 600 мингдан 326 минг кишига камайтиришга қарор қилинди. Мусобақа вақтида хавфсизликни 45 мингга яқин француз полицияси ва 20 минг ҳарбий таъминлайди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: