9:11 | 09.05.24

                       

Грант асосида ўқиган талабaларнинг 3 йил ишлаб бериш мажбурияти бекор қилинди

Грант асосида ўқиган талабaларнинг 3 йил ишлаб бериш мажбурияти бекор қилинди.

Олийгоҳларга ўқишга қабул қилиш жараёнларида ўзгаришлар бўлади. Бу ҳақда Олий таълим вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, олийгоҳларга ўқишга қабул қилиш жараёнлари бўйича қуйидагилар таклиф қилинган:

  • ўқишга кириш учун минимал ўтиш бали 2 босқичда оширилиб, соғлиқни сақлаш, ҳуқуқ, бизнес ва бошқарув йўналишлари учун – 94,5 балл, бошқа йўналишлар учун – 75,6 балл этиб белгиланади (амалда барча йўналишлар учун – 56,7 балл);
  • давлат гранти талабалар учун таълим гранти ва ижтимоий-рағбатлантирувчи грант шаклида ажратилади.

Бунда:

  • таълим гранти – талабаларга бир ўқув йили учун ажратилади ҳамда 1-курсда ўқишга кириш натижалари бўйича, 2-курсдан бошлаб рейтинг кўрсаткичлари бўйича энг юқори балл тўплаган талабаларга ажратилади;
  • ижтимоий-рағбатлантирувчи грант – мақсадли қабул ва имтиёз асосида қабул қилинган талабаларга бутун ўқиш даври учун берилади;
  • таълим гранти асосида таҳсил олган талабаларнинг ўқишни тугатгандан сўнг 3 йил ишлаб бериш мажбурияти бекор қилинади;
  • сиртқи таълим шакли учун квоталарни кундузги таълим шакли учун ажратилган квотадан оширмаслик белгиланади.

Шунингдек, сиртқи таълим шакли босқичма-босқич масофавий таълим шаклини кенгайтириш ва узайтирилган таълим шакли жорий этиш орқали тугатилади.

Аввалроқ магистратурага киришда айрим талабалар учун сертификат талаби бекор қилиниши ҳақида хабар берилган эди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: