17:31 | 15.02.24
мамлакат ҳудудида 17—20 февраль кунлари об-ҳаво ҳарорати тушиб, совуқ бўлиши кутилмоқда. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизматига кўра, ижтимоий тармоқларда мазкур совуқ тўлқиннинг пиёз нархи кўтарилишига сабаб бўлиши ҳақида асосланмаган хабарлар тарқалмоқда.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ижтимоий тармоқларда яқин кунларда ҳаво совиши оқибатида пиёз нархи кўтарилиши юзасидан тарқалган хабарлар бўйича муносабат билдирди.
Хабарга кўра, мамлакат ҳудудида кутилаётган совуқнинг аграр соҳадаги барча тармоқларга салбий таъсирининг олдини олиш мақсадида зарур-чора тадбирлар амалга оширилмоқда.
«Шуни ҳам алоҳида айтиб ўтиш керакки, пиёзнинг 2023 йил ҳосилидан аҳоли истеъмоли учун етарлича захира тайёрланган ва улар омборларда мўтадил ҳаво ҳароратида сақланмоқда. Бунинг исботини эса бозорларимизда анчадан буён 1 кг пиёз (ҳудудлардан келиб чиққан ҳолда) 2500 сўмдан — 3500 сўмгача бўлган турғун нархларда сотилаётганидан ҳам билиш мумкин.
2024 йил ҳосили учун тўқсонбости усулида тайёрланаётган пиёз ва саримсоқпиёзларга эса бу совуқ деярли таъсир кўрсатмайди», — дейилади муносабатда.
Таъкидланишича, август—сентябрь ва ноябрь—декабрь ойларида экилган пиёз 2-3 марта суғорилган ва 25-30 см ўсиб, қишлашга кирган. Уларнинг илдиз системаси яхши ривожлангани сабабли совуқ ўз таъсирини кўрсатиш эҳтимоли жуда паст даражада бўлади. Бундан ташқари, тўқсонбости экинлари ўз номи билан қишнинг тўқсон кунида қор босиб туришини инобатга олган ҳолда шундай номланган.
Маълумотга кўра, республика бўйича 2024 йил ҳосили учун барча тоифа хўжаликларда август—сентябрь ойларида 64 минг гектар, ноябрь—декабрь ойларида тўқсонбости усулида 82,8 минг гектар майдонда пиёз экинлари экилган.
«Тўқсонбости усулидаги пиёз ва бошқа экинларни экиш, зарур агротехник тадбирларини ўтказиш ҳамда совуқдан асраб қолиш бўйича олимларнинг илмий тавсиялари ишлаб чиқилиб, жойларга етказилган. Хулоса сифатида айтиш мумкинки, пиёз нархи ошиши ҳақида тарқатилган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди», — дея қўшимча қилинган хабарда.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: