Маълум қилинишича, Урганч туманида жойлашган «М.» фермер хўжалиги ўзига қарашли бинода яширин йўллар билан қўшимча тармоқ тортиб, табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланиб келган.
Ҳолат Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Ўзэнергоинспекция» томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган назорат тадбирда аниқланган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, давлат манфаатларига етказилган зарар миқдори 3 миллиард 374 миллион сўм(2 миллион 249 минг кубометр табиий газ)ни ташкил этган.
Истеъмолчига нисбатан белгиланган тартибда чора кўриш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган.