16:39 | 01.03.24
Хоразмнинг бешта туманида ҳар бири 200 минг бош паррандага мўлжалланган 5 та саноатлашган йирик паррандачилик корхонаси ишга туширилади. Шоличиликда сув тежовчи технология жорий қилиш учун субсидия берилади.
Шавкат Мирзиёев Хоразмда шоличилик бўйича ёндашувларни ўзгартириш вақти келгани қайд этди. Чунки замонавий илмий ёндашув, янги нав йўқ, сув сарфи юқори.
Шунинг учун янги ҳосилдор шоли навларини олиб келиб, Хоразм шароитида синаш муҳимлиги таъкидланди. Кореялик ҳамкор билан шоли уруғчилиги корхонаси ташкил этилади.
Шоличиликда сув тежовчи технология жорий қилиш учун субсидия бериш ва кластерларга шоли хариди учун имтиёзли кредит ажратиш йўлга қўйилади.
Йиғилишда вилоятда чорвачилик, паррандачилик ва балиқчиликни ривожлантиришга тўхталиб ўтилди.
Хонадонларда чорва наслини яхшилаш, сутни қайта ишлаш, парранда гўшти ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни кўпайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Жумладан, гўшт йўналишида ҳар бири 200 минг бош паррандага мўлжалланган 5 та саноатлашган йирик паррандачилик корхонаси Боғот, Гурлан, Ҳазорасп, Ҳонқа, Шовотда ишга туширилади.
Вилоятдаги сунъий сув ҳавзаларини атиги 10 фоизида балиқ интенсив усулда боқилиши қайд этилиб, эндиликда интенсив усулда балиқ етиштирган тадбиркорлар ер ва айланма солиғини 50 фоизини тўлаши, сув солиғи ва тўловидан озод этилиши белгиланди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: