8:25 | 08.02.24
Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Янгийўл, Чиноз ва Зангиота тумани бўлимлари томонидан жойларда текширув ишлари олиб борилди. Тошкент ва Андижон вилоятларида газ ва электрдан ноқонуний фойдаланганлар давлатга 960 млн сўмдан зиёд зарар етказгани аниқланган.
Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Янгийўл, Чиноз ва Зангиота тумани бўлимлари, ДХХ, ИИБ ва ГТФ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирларда ушбу туманлардаги «Шодлик», «Кўкаламзор», «Исломобод» ва «Бўстон» МФЙда яшовчи 5 нафар фуқаро хонадонларида ташкил этган иссиқхонани ҳеч қандай ҳужжатсиз умумий фойдаланишдаги табиий газ тармоғига ўғрилик йўли билан улаб, жами 356,8 миллион сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.
Шу каби департаментнинг Зангиота туман бўлими, «Ўзенергоинспекция» ва туман ГТФ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган терговга қадар текширувда «Обод тўқимачи» МФЙда яшовчи Д.Х. ўз уйида ташкил этган иссиқхонани умумий фойдаланишдаги табиий газ ва электр тармоғига ўғрилик йўли билан улаб, жами 342,7 миллион сўмлик табиий ресурсдан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.
Худди шундай, департаментнинг Асака туман бўлими томонидан «Ўзенергоинспекция» Андижон вилоят бошқармаси ва туман электр тармоқлари корхонаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда «А.г.» МЧЖ масъул шахслари МЧЖ тегишли «Соҳибкор» массивидаги боғда умумий фойдаланишдаги электр тармоғига тижорат мақсадида уланиб, жами 264,1 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган. Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: