20:11 | 29.02.24

                       

Ҳудудларда кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг яширин айланмасига чек қўйилди

Тошкент ва Сирдарё вилоятларида божхона ходимлари томонидан кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг яширин айланмаси тўхтатиб қолинди. Ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистонда божхона ходимлари томонидан кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг яширин айланмасига чек қўйилмоқда.

Хусусан, Тошкент вилоятидаги «Ойбек» чегара божхона постига фуқаро бошқарувида кириб келган Ван ҳолл русумли йўловчи ташиш автобуси божхона ходимлари томонидан белгиланган тартибда назоратдан ўтказилди. Транспорт воситасини кўздан кечириш натижасида, автобуснинг салон қисмида 120 дона «ФEНОБАРБИТАЛ-3Н 100 МГ» номли психотроп дори воситалари борлиги аниқланди. Ҳозирда божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Сирдарё вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари, ДХХ Сирдарё вилояти бошқармаси ва Тошкент шаҳар Бектемир тумани ИИБ ЙҲХБ ходимлари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри Бектемир тумани ҳудудида кучли таъсир қилувчи дориларнинг ноқонуний айланувига қарши курашиш борасида тезкор тадбир ўтказилди. Олдиндан тезкор кузатувга олинган Қўқон–Тошкент йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган фуқаро М.А. бошқарувидаги Cобалт русумли автотранспорт воситаси Бектемир тумани ҳудудида белгиланган тартибда тўхтатилди.

Автотранспорт воситаси ўрнатилган тартибда кўздан кечирилганда, автотранспорт воситасининг орқа ўриндиғида турган қизил рангли, электр токи ёрдамида ишлайдиган печка ичига аввалдан яшириб жойлаштирилган 1 турдан иборат, жами 896 дона «Регапен» номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланди. Ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: