14:48 | 17.07.24
Шавкат Мирзиёев мутасаддиларга йил якунигача 670 минг аҳоли бандлигини таъминлашни топширди.
Мирзиёев раислигида биринчи ярим йиллик таҳлили ва йил якунига қадар устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланганлиги хабар берилганди.
Видеоселектор давомида, «Уйчи тажрибаси», яъни тадбиркорлар ва бизнес билан шуғулланиш истагидаги аҳоли билан ишлаш тизими асосида туман ҳокимлари тадбиркорлар, банклар эса мижозлари билан мунтазам учрашиб, уларга бизнесини кенгайтиришга кўмаклашиши белгиланди.
Бунда туман ҳокими инфратузилма масаласи, банк эса молиявий кўмак масаласи билан шуғулланади.
Мутасаддиларга тадбиркорлар билан манзилли ишлаш ҳисобига йил якунигача 670 минг аҳоли бандлигини таъминлаш муҳимлиги қайд этилди.
Бундан ташқари, тадбиркорлар билан маҳаллабай ишлаш бўйича «Ғиждувон тажрибаси» асосида туман ҳокимларига йил якунига қадар 1 мингта маҳаллада вертикал ўсадиган саноат биноларини ташкил қилиш топширилди.
Бундай биноларда хонадонларда ташкил қилинган, лекин кенгайиш имкони бўлмаган ишлаб чиқаришлар учун шароитлар яратилади.
Ушбу саноат марказларининг иккинчи ва ундан юқори қаватларида ишлаётган тадбиркорларга солиқ имтиёзлари берилади.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: