15:41 | 07.05.24

                       

Кириш имтиҳонларида юқори балл тўплаган барча абитуриент талаба бўлади

Давлат гранти доирасида юқори балл тўплаган абитуриент, олийгоҳнинг квотасидан қатъи назар давлат грантига тавсия этилади.

Шавкат Мирзиёев ҳузурида олий таълим тизими бўйича бўлган тақдимотда олий таълимга қабул тизимини янада адолатли қилиш ва давлат грантларини иқтидорга йўналтириш муҳокама қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, ҳозирги қабул тизими, квоталарнинг тақсимланиши рақобатни тўлиқ таъминламаяпти. Айрим абитуриентлар юқори балл тўпласа-да, топширган олийгоҳининг квотаси сонига қараб, ўқишга киролмай қолиши мумкин.

Янги тартибга кўра, муайян бир йўналишга ажратилган давлат гранти доирасида юқори балл тўплаган абитуриент, танлаган олий таълим муассасасидан қатъи назар, давлат грантига тавсия этилади. Яъни, юқори балл олган ёшлар ўқишга кирмай қолмайди.

Тақдимотда муҳандислик соҳасидаги таълим сифати ҳам таҳлил қилинди. Республикада йилига 3 мингдан зиёд саноат корхоналари ташкил этилиб, 146 минг иш ўрни яратилаяпти. Уларда йилига 25 мингдан зиёд муҳандис ва технологларга эҳтиёж бор.

Бу йўналишда 33 та давлат олийгоҳида кадрлар тайёрланса-да, таълим сифати талаб даражасида эмас. Илғор хорижий университетларда аллақачон тўхтатилган айрим фан ва мутахассисликлар ҳали ҳам ўқитилмоқда. Ўқув режа ва дастурларининг қарийб ярми меҳнат бозори ва халқаро стандартларга жавоб бермайди.

Мутасаддиларга ушбу таълим йўналишида кескин ўзгариш ясаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: