10:18 | 11.09.23

                       

Куз мавсуми Каппадокия бўйлаб саёҳат қилишнинг айни вақти (фотожамланма)

Шаҳар бўйлаб ҳаво шарида учишдан ташқари тарихий ер ости шаҳарларини томоша қилиш, ғор меҳмонхоналарида тунаш, табиат гўзаллигидан баҳраманд бўлиш ва маҳаллий таомларни татиб кўриш мумкин.

Каппадокия ўзининг эртакнамо манзаралари билан Туркияга ташриф буюрадиган барча саёҳатчиларнинг “зиёрат рўйхати”да бўлса керак. Ноёб қоя тузилмалари, ўнлаб метрли туннеллари бўлган ажиб ер ости шаҳарлари, қоятошни ўйиш орқали барпо этилган уйлар, черковлар, монастирлар, ҳаво шаридаги ноёб тажрибалар ва бошқа ерда учратишингиз мушкул бўлган ғор меҳмонхоналари минтақанинг қийматини оширади. Куз ойлари келганда ўртача ҳароратлар мўътадил даражага тушади, табиат қўнғир тусга киради ва Каппадокия ўз меҳмонларини энг аъло тарзда кутиб олишни бошлайди. Куз фаслидан баҳраманд бўлишингиз ва мавсумни мароқли ўтказишингиз учун Каппадокияда “бажарилиши керак бўлган ишлар” рўйхатини туздик.

Фото: Туркия туризм маркази

Ҳаво шарида саёҳат қилинг

Кападокия билан боғлиқ тадбирлар доимо рангли ҳаво шарларида осмонда учишни ўз ичига олади. Эрта тонгда саёҳат қилиш учун ҳаво шарлари учиб, 800 метр баландликдан дунёга машҳур Пери мўриларини (Peri bacalari) кўриш имконини беради. Ушбу саёҳат, парвоз чоғида суратга тушишни яхши кўрадиганлар учун ажойиб имкониятни тақдим этади.

Фото: Туркия туризм маркази
Фото: Туркия туризм маркази

Кузда пери мўрилари

Каппадокия дейилганда, минг йиллар давомида шаклланган Пери мўрилари биринчилардан бўлиб ёдга келади. Пери мўрилари Эржиес, Ҳасандағ ва Гуллудағ каби турли вулқонлардан отилган лава ва кулдан ташкил топган қоришма натижасида шаклланган. Бу ҳудуд бутун йил давомида бетакрор бўлса-да, бу манзарани зиёрат қилиш ва завқланиш учун энг яхши вақт сентябр ва октябр ойларидир.

Фото: Туркия туризм маркази
Фото: Туркия туризм маркази
Фото: Туркия туризм маркази

Ҳайратланарли ер ости шаҳарлари

1985 йилда ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига  киритилган Гўреме очиқ осмон остидаги музейи минтақанинг энг муҳим диққатга сазовор жойларидан биридир. Гўреме ўзининг дастлабки қояларга ўйилган ва фрескалар билан безатилган христиан монастирлари ва черковлари билан ажралиб туради.

Фото: Туркия туризм маркази
Фото: Туркия туризм маркази

Милоддан аввалги VIII-VII асрларда қурилган ер ости шаҳарлари Каппадокиянинг энг диққатга сазовор жойларидан бири бўлиб, ташриф буюрувчиларга бир вақтнинг ўзида табиат сеҳрини ва минтақадаги қадимий одамларининг меъморий маҳоратини ҳис қилиш имконини беради.

Фото: Туркия туризм маркази

Қаймакли, Деринкую, Ўзконак ва Мази каби бу ер ости шаҳарлари қояларга ўйилган бўлиб, бир вақтнинг ўзида ўн минглаб одамларни сиғдира оладиган хоналар, меҳмонхоналар, ертўлалар, озиқ-овқат омборлари, ошхоналар, молхоналар ва ибодатхоналари мавжуд.

Фото: Туркия туризм маркази

Ғор меҳмонхоналарида ҳашаматли саёҳатлар

Каппадокиядаги ҳашаматли ғор меҳмонхоналари минтақанинг ҳайратланарли манзараси билан мукаммал уйғунлашиб, меҳмонларга умрида бир марта бўладиган тажрибани тақдим этади.

Фото: Туркия туризм маркази

Замонавий қулайликларга эга меҳмонхоналарга айлантирилган бу ғорлар тасаввуфий дизайн ва тасалли берувчи муҳитга эга. Қуёш ботиши манзарасидан баҳраманд бўлиб, маҳаллий таомлардан истеъмол қилиш бу салқин мавсумда бажарилиши керак бўлган энг яхши машғулотлардандир. Сиз кунни қоялар билан ўралган очиқ сузиш ҳавзаларида чўмилиш билан бошлашингиз ва курортда таскин берувчи массаж билан якунлашингиз мумкин.

Фото: Туркия туризм маркази
Фото: Туркия туризм маркази

Маҳаллий лаззатлар

Ғайриоддий географияга мезбонлик қилган Каппадокия, мазали таомларга ҳам бой. Ўзининг кулолчилиги билан машҳур бўлган Каппадокиянинг ўзига хос таоми – сопол идишда пиширилган кабоб (тести кабоб). Анъанавий лойдан ясалган печларда гўшт, сабзавот ва ясмиқ шўрваси усти ёпиқ сопол идишларда секин пиширилади.

Фото: Туркия туризм маркази

Сиз татиб кўришингиз керак бўлган бошқа маҳаллий лаззатлар қаторига – Невшеҳир чучвараси, минтақа узумидан олинган шарбат билан тайёрланган Кўфтур – турк локуми, одатда тоза асал билан биргаликда тортиладиган қуюқ қаймоқ – Куру Каймак ва сариёғли ун ҳолваси киради.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: