19:21 | 08.07.24

                       

Мирзиёев Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси Раиси билан учрашди

Мирзиёев Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси Раиси билан учрашди. Учрашувда республикада ўтказиладиган форумлар ҳақида гаплашилган.

Президент Хитой билан парламентлараро алоқалар жадал ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум бўлишича, Шавкат Мирзиёев 8 июль куни Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси Раиси Чжао Лесзи бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Хитой парламенти раҳбари Ўзбекистон етакчисига Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Сзинпиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Учрашувда сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги дўстлик ва барча шароитларда ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларида юксак даражага эришилгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Остона шаҳридаги ШҲТ саммити доирасида ўтган олий даражадаги самарали музокаралар натижалари мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга янги суръат бағишлашига ишонч билдирилди.

Хитой Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни, айниқса, камбағалликни қисқартириш дастурини, шунингдек, инфратузилмани ривожлантириш, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги ва «яшил» энергетика соҳаларида стратегик ҳамкорлик дастурларини қабул қилиш режаларини қатъий қўллаб-қувватлаётгани тасдиқланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўлини қуриш бўйича амалий ишларни тез фурсатда бошлаш муҳимлиги қайд этилди. Жадал ҳудудлараро алоқаларга юқори баҳо берилди. Келгуси йилда иккинчи Ҳудудлар форуми ўтказилади.

Ўзбекистонда Хитой олий ўқув юртларининг филиалларини очиш, профессионал таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, Конфуций институти фаолиятини қўллаб-қувватлаш масалалари кўриб чиқилди. Келгуси йилда иккинчи Таълим форумини ўтказиш режалаштирилган. Маданият ва туризм соҳаларидаги алмашинув юзасидан фикр алмашилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Парламентлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш, парламент аъзолари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш ва амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш бўйича қонун ижодкорлиги тажрибасини ўрганиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган тадбирларни амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»ни қабул қилиш назарда тутилгани қайд этилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: