18:13 | 01.08.24

                       

Молиявий саводхонликда хавотирни қандай камайтириш мумкин? Психологдан тўрт маслаҳат

Малакали психолог ва лайф-коуч Анна Аветисян молиявий саводхонлик асосларини ўргатувчи, таъбир жоиз бўлса, «молиявий тез ёрдам» деб аташ мумкин бўлган бир қатор тавсиялари билан ўртоқлашди.

Америка психологлар ассоциациясининг маълумотларига кўра, аксарият одамлар учун пул билан боғлиқ масалалар стресснинг асосий манбаси ҳисобланади. Агар фақат менда мунтазам қарздорлик бўлиб, пул жамғаришнинг имкони бўлмай, оёқ остидан кутилмаган харидлар чиқиб, даромад эса кўпаймаяпти деб ўйласангиз, адашасиз! Аслида кўплаб одамлар вақти-вақти билан айни шундай вазиятни бошидан кечириб туради.

Фото: Bugun.uz

Ҳатто бу афзаллигини англаган ва юқори даромадга эга кишилар ҳам пул йиғишни билмайди. Устига-устак, даромаднинг чўғи кам бўлганда, пул йиғиш янада қийинлашади. Агар молиявий хавотир сизни мунтазам безовта қилса ва у билан мустақил кураша олмасангиз, эҳтимол, бундай муаммоли саволларга жавоб топишда кўмак берувчи психологга мурожаат қилишнинг вақти келгандир.

Малакали психолог ва лайф-коуч Анна Аветисян ўзининг бу борадаги бир қатор тавсияларини Bugun.uz билан ўртоқлашди. Молиявий саводхонлик асосларини ўргатувчи қуйдаги тавсиялар, таъбир жоиз бўлса, «молиявий тез ёрдам» деб аташ мумкин.

«Пулларни кўрпа қатида сақлаган бехавотирми?»

Статистикага кўра, одамлар нақд пулдаги жамғармаларини уйда сақлашни афзал кўради. Улар пулни назорат қилаётгани ва ишончли жойда сақлаётганини ўйлаб, руҳан ўзларини хотиржам ҳис қилади. Пулнинг йўқолмаслиги ёки ўғирланмаслигига бўлган ишонч ҳам ушбу хотиржамликни янада кучайтиради. Пулни банкда эмас, уйда сақлашни оқлайдиган баҳоналардан бири – шошилинч эҳтиёж ёки кутилмаган харажатлар пайдо бўлганда ундан тез ва осон фойдаланиш имкониятидир.

Аммо, бу усул ҳам хатарлардан холи эмас, унинг ўғирланиш ёки йўқолиш эҳтимоли ҳам бор. Пулни уйда сақлаш учун меҳмонлар ёки тасодифий кишилар уни топа олмайдиган жойни ҳозирлаш шарт. Боз устига, пулнинг қанчалик ишончли сақланганини ўйлаб, кишини кучли ваҳима ёки узлуксиз хавотир чулғаши ҳам мумкин. Яна шуни ёдда тутиш керакки, кўпчилик уйда сақланадиган пулга кўпинча «тегинмас захира» эмас, балки кундалик харажатлар ёки «ойликгача» олиб туриш мумкин бўлган қулай восита сифатида қарайди.

Одамлар орасида пул йиғишнинг яна бир оммабоп усули – уни ота-онасига сақлаб туришга бериш. Бу ишончли, аммо пулларингизни ҳеч қачон кўпаймаслиги кундай равшан. Бундан ташқари, баъзан бирор муҳим ёки шошилинч нарса учун пул жуда зарур бўлиб қолганда, ота-онангиз олдида қарорингизни оқлаш осон бўлмаслиги аниқ. Бундай пул жамғлариш усули ноқулайлик ва ҳатто айбдорлик ҳиссини юзага келтириши мумкин.

Онамга автомобил сотиб олиш учун пул жамғариш ниятида эканимни айтганимда, у фикримни маъқуллади. Ҳатто пул доимо менинг ҳамёнимда турмаслиги ва керак бўлганда уларни ишлатиб қўймаслигим учун, онам пулни унга беришни айтди. Онамнинг феълини яхши билганим туфайли дарров рози бўлдим: у мени осмондан ерга тушириб, илкис харидлардан аниқ тўхтата оларди.

Мен режалаштирган пулимни тез йиғишни бошладим. Аммо ярим йилдан кейин бир эълонга кўзим тушди: унда қандолатчилик соҳасида мен жуда ҳурмат қилган машҳур мутахассис Тошкентга келиши ва ҳатто бу ерда иккита маҳорат дарси ўтказиши ёзилганди. Бундай имкониятни қўлдан бой бера олмасдим… Онамдан дарҳол пулнинг бир қисмини сўрадим. Лекин ўзига қоядай маҳкам онам йиғилган пулдан менга бир тийин ҳам бермади. Маҳорат дарсида қатнашдим, бунинг учун дугонамдан қарз сўрашимга тўғи келди, – дейди ошпаз-қандолатчи бўлиб ишлайдиган Мадина.

Чиқимларни кузатиб бориш

Чиқимлар ва киримларни кузатиб бориш хавотир ва молиявий стрессни камайтиришга ёрдам беради. Кўплаб тўлов тизимларининг иловаларида мазкур функция аллақачон бор, бу пулларни бошқариш жараёнига қулайлик ва шаффофлик беради. Ой якунида шунчаки маълумотларни юклаб олиб, харажатларни таҳлил қилиш кифоя. Бу кераксиз чиқимларни қисқартириш ва кейинги ой учун ҳаракатлар режасини тузишга имконият яратади, узоқ истиқболда эса қарзларни тезроқ узиш ёки умуман қарз олмасликка ёрдам беради.

Мен автомобилнинг биринчи тўловига пул йиғардим, аммо рафиқам ҳисобдан доим қандайдир майда харажатлар учун пул ечарди. Бир унга янги гилам керак бўлиб қолади, бир телефони синиб қоларди. Мен ундан ҳисобдан пул ечмасликни сўраганимда, у кам пул ишлаб топишимни юзимга солиб, жанжал кўтарарди. Энг қизиғи, куну тун бошим ишдан чиқмасди. Уйда тинчлик бўлиши учун охир-оқибат ўз орзуйимдан воз кечишга ҳам тайёр эдим. Шу орада дўстим телефондаги мониторинг функцияси ҳақида айтиб қолди. Уч ой давомида ҳар битта харидни ҳисобга олиб, кейин харажатларни таҳлил қилиб шуни тушундикки, биз бир нечта туркумдаги чиқимлардан воз кечиб, тежалган пулларни жамғаришимиз мумкин экан. Ҳамма хурсанд: мен орзуйимга яқинлашдим, рафиқам эса харидлардан бебаҳра қолмайди, — дейди катта менежер бўлиб ишлайдиган Жаҳонгир мен билан суҳбатда.

Пул йиғишга вақт бўлмаганда

Кўпчилик пул йиғишга тўсқинлик қиладиган яна бир кенг тарқалган сабаб – бу вақт етишмаслиги. Мижозларимнинг кўпинча бу билан шуғулланишга вақти йўқ. Уларнинг бир қисми – доим хизмат сафарларида юрадиган, музокараларда қатнашадиган ёки муҳим иш билан банд ишбилармон кишилар, бошқалари эса оиласини боқиш учун бир нечта жойда ишлайди. Улар омонатни доимий тўлдириб бориш тугул, шунчаки банкка боришга, навбатда туришга ёки омонат очишга вақт тополмайди.

Мен бундай баҳоналарга тез-тез дуч келаман ва одатда ишни энг осонидан, онлайн омонатларни очишдан бошлашни таклиф қиламан. Нега айнан онлайн омонотлар?

  • Онлайн омонатни очиш учун ҳеч қаерга бориш шарт эмас. Банк иловани ўрнатиб, у орқали пулларни бошқаришнинг ўзи етарли;
  • Бошланғич капиталсиз пул йиғиш имкони бор: бунинг учун ҳисобга 1000 сўм ташлаб, ўзингизга қулай вақтда мақул суммада тўлдирса бўлади;
  • Барча пулларингиз доим ёнингизда. Исталган вақтда ҳисобдаги сумма ва омонатлар фоизларини билишингиз, пул солишингиз ёки ечишингиз, ҳамда ҳисобни ёпишингиз мумкин – буларнинг барчасини телефондан амалга оширса бўлади.
  • Онлайн омонат – бу сизнинг шахсий ва махфий инструментингиз. Фақат сиз илованинг пароли ва ҳисоб балансидан хабардор бўласиз. Жамғарилган пулларни қандай бошқаришни фақат ўзингиз ҳал қиласиз.

Кузатувларимга кўра, онлайн омонат эгалари, бегоналарнинг ўз жамғармаларини эгаллаб олишидан асло хавотир олмагани сабабли, ўзларини анча хотиржам ва ишончли ҳис этади. Ўз пул маблағларингизни исталган пайт телефон орқали назорат қилиш — вазиятни бошқариш имконияти беради. Фоизларни ўтказишга оид шаффоф тизим эса қўшимча интизом талаб қилиб, омонатга янада кўп пул қўйишга рағбатлантиради.

Бир йил олдин ҳаётимдаги илк омонатни TBC Банкдан очдим. Йиллик 18 фоизлик онлайн омонат. Унчалик катта сумма бўлмаса-да, ҳар оқшом иловага кириб, ҳисобланган фоизлар қандай кўпайишини кузатдим. Ой охирида биринчи фоиз тўловини олганимда, бироз ҳайрон ҳам қолдим, пулни оғир меҳнат билан топишга ўргангандим, бу ерда эса у ўз-ўзидан кўпаяр экан.

Ҳозир бунақа нарсаларга анча бемалол қарайман. Ҳар хил мақсадлар учун бир нечта омонат ҳам очиб қўйганман. Олинган фоизларни мен қайта омонатга қўяман, шу учун ҳисобдаги пул ортиқча ҳаракатларсиз ошиб бораверади. Менга телефондан пулларимни осон бошқариш ёқади: исталган пайт пул ечиб олишим ёки ҳисобни тўлдиришим мумкин. Шу билан бир вақтда онлайн омонат кишини интизомли бўлишга мажбур қилиб, режасиз харидлардан асрайди. Мен айнан ўзим учун муҳимроқ нарсалар, харидларни амалга ошириш ёки пуллар даромад келтириши учун ҳисобда қолдириш ҳақида ўйлаб, кўпинча иккинчисини танлайдиган бўлиб қолдим, – дейди давлат хизматчиси хизматчиси бўлиб ишлайдган Миразиз.

Позитив фикрлаш

Ўзингиз ҳақингизда молиявий ғамхўрликнинг муҳим жиҳатларидан бири позитив фикрлаш. Қарз ва ортиқча чиқимлар учун ўзингизни койиш эмас, аксинча, вазиятни таҳлил қилиш ва келажак учун хулосалар чиқариш муҳим. Айбдорлик ҳисси билан яшаш сизни ҳеч қачон мақсадга яқинлаштирмайди. Молиявий фаровонлигингиз кун сайин яхшиланиши учун янги соҳаларни синаб кўринг, ўсиш имкониятларини ахтаринг ва ривожланинг.

Бўйнингдаги қарз билан позитив фикрлаш жуда қийин, аммо мен нолимайман ва ҳамма жойда плюс топишга ҳаракат қиламан. Ресторанга пул йўқми? Ҳечқиси йўқ, кечки овқатни уйда, оила даврасида еймиз. Таксига пул етмаяптими? Хавотирга ўрин йўқ, пиёда бораман, соғлиққа фойдали. Мендан фарқли ўлароқ, турмуш ўртоғим бизда бор неъматлар ҳақида эмас, аксинча ҳамиша бизда йўқ нарсалар ҳақида ўйлайди. У пуллар, қарзлар ва харажатлар ҳақида қайғуради, бу эса стресс ва уйқусиз тунларга сабаб бўлади. У пулни жон-жаҳди билан назорат қилади, ҳар қандай таҳликалар ва ўсишга туртки берадиган имкониятлардан қўрқади. Мен унга акцияларга пул киритишни ёки ишончли банкда омонат очишни жуда кўп таклиф қилганман. Бефойда – у бисотида борини-да йўқотишдан қўрқади.

У оқ сочларини кўпайтираётган бир пайтда, мен ўзимга сармоя киритиб, шахсий ва молиявий ўсиш имкониятларини қидириб, бизнинг биринчи саёҳатимизга пул йиғиш учун ўйланган хатарларга қарши чиқаман, – дейди тадбиркорлик билан шуғулланадиган Севинч исмлик аёл.

Топадиган даромадидан қатъи назар, молиявий хавотир ҳар бир киши учун мутлақо табиий жараён. Аммо мунтазам стресс саломатликка салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Онлайн омонатлар ваҳимани босишга ёрдам берадиган, жамғармаларни бошқариш ва пул йиғишга рағбатлантирадиган қулай восита бўлиб, якунда молиявий эркинликка эришиш ва ўзингизга бўлган ишончнинг ошишига туртки беришини унитманг.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: