20:53 | 13.04.24
2023 йилнинг ноябрь ойидан бошлаб, Қозоғистон ОАВлари ҳамда ижтимоий тармоқларидаги йирик каналлар бутун қозоқ жамиятини ларзага келтирган бир машъум хабарни тарқата бошлайди. Яшин тезлигида тарқалаётган хабарларда мамлакатнинг собиқ иқтисодиёт вазири Куандик Бишембаев турмуш ўртоғи Салтанат Нукеновани қотилига айлангани бонг урилади.
2023 йилнинг ноябрь ойидан бошлаб, Қозоғистондаги оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардаги йирик каналлар бутун қозоқ жамиятини ларзага келтирган бир машъум хабарни тарқата бошлайди.
Яшин тезлигида тарқалаётган хабарларда мамлакатнинг собиқ иқтисодиёт вазири Бишембаев Куандик Валихановичнинг турмуш ўртоғи Салтанат Нукеновани қотилига айлангани бонг урилади.
Бишембаев Куандик 1980 йил Қозоғистон Республикасининг Қизил-ўрда вилоятида туғилган. Собиқ президент Назарбоевнинг ёрдамчиси бўлиб ишлаганидан сўнг, 2016 йилда Қозоғистон иқтисодиёт вазири лавозимига тайинланган. Бир йил ўтар-ўтмас (2017 йилда) жуда катта миқдорда пора олганлиги ва давлат мулкини ўзлаштирганлиги сабабли ҳибсга олинган.
Суд қарорига кўра, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиниб, тасарруфидаги барча мол-мулки мусодара қилиниб, давлат хизматларида мансабдорлик лавозимларини эгаллаш ҳуқуқидан умрбод маҳрум қилинган.
У икки марта уйланган, иккинчи турмушида Н. Бабагулова билан 14 йил давомида бирга яшаб, 2020 йилда ажрашган.
Айрим таҳлилчилар фикрига кўра, Бишембаевнинг иккинчи турмушидан ажрашишга сабаб сифатида Бабагулованинг номида бўлган активларнинг мусодара бўлиб кетишининг олдини олиш мақсад қилинганлиги айтилади.
Бишембаев 2022 йилда учинчи маротаба ўзидан 12 ёш кичик бўлган Салтанат Нукеновага уйланган бўлиб, 2023 йилнинг 9 ноябрь санасида хотини Салтанат Нукеновани ўлдирганликда айбланмоқда.
Салтанат Нукенова 1992 йилда Павлодарда туғилган. Ота-онаси бизнес одамлари бўлиб, оилавий капитални мунтазам ўз бизнесларини ривожлантиришга йўналтиришган. Қиз олийгоҳни тугатиб, астрологликни (замонавий фолбинлик) касбини танлайди ва Instagram тармоғида шахсий саҳифа очиб, ўз блогини юрита бошлайди ва телевидениеда бошловчилик қилиш мақсадида бир неча бор кастингларда қатнашиб юрган бўлади.
2022 йилнинг август ойида 43 ёшли собиқ вазир Instagram тармоғи орқали Салтанат исмли аёл билан танишиш истагида унга ёза бошлайди. Аёл бир неча бор у билан танишишни рад этади.
Аммо Бишембаев Нукенованинг атрофида парвона бўлишда давом этаверади. Олти ой вақт ўтгач уларнинг муносабати реал ҳаётга кўчиб, ўзаро никоҳ маросимини ўтказадилар, аммо негадир никоҳни қонуний қайд қилишга шошилишмайди.
Тўй тантаналари ўзаро ишонч ва қозоқ миллий удумларига хослик билан ўтади, бироқ Бишембаев тўйдан сўнг ниҳоятда рашкчи эканлигини намоён этиб, хотинининг эркинликларини чеклаб, дўстлари ва қариндошлари билан мулоқот қилишни назоратига олади, кейинчалик эса Салтанатга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни ва ишлашни тақиқлаб, унга руҳий ва жисмоний босим ўтказишни бошлайди.
Салтанат бир неча бор эри бўлган собиқ вазир Бишембаев билан муносабатларни тўхтатишга ҳаракат қилади, оилавий вазиятидан келиб чиқиб, икки томоннинг яқин қариндошларига эрининг зўравонлиги ҳақида маълум қилиб, у билан алоқаларни узмоқчи бўлади. Аммо Бишембаевнинг унга нисбатан қилаётган шантажлари ва буткул ўзгаргани ҳақидаги ваъдалари сабаб эр-хотин яна бирга яшашда давом этадилар.
Жуфтлик ҳақида илк хабарлар уларнинг туй маросимидан кейин оммалаша бошлаган. Нукенова Instagram’да ўзи томонидан юритилаётган саҳифада илк бора бўлажак турмуш ўртоғи ҳақида пост қолдириб шундай дейди: “Энг олтин инсон, унинг учун эртадан кечгача хамир ёйиб бешбармоқ тайёрласам арзийди”. Шундан сўнг бахтли кунлари, қимматбаҳо совғалар олган дамларидан фото-видео постлар қўйиб боради. Туй куни ҳам ўзининг келин либосдаги расмлари билан бўлишади. Қиз тўйдан кейинги биринчи ойда эри билан илиқ муносабатларини ўз аудиториясига тақдим этиб боради. Кейинги ойларда ҳаёти акс этган лавҳаларни кўрсатишдан тийилади. Кейинчалик эса Салтанатнинг ҳаётидан норози эканлигини ифодалаётган постлар Instagram саҳифасидан ўрин ола бошлайди.
“Мен сизни яхши кўраман ва мен учун қилган барча ишларингизни қадрлайман, шунингдек, барча саъй-ҳаракатларингизни кўриб турибман. Лекин мен мажбуран ўзаро тўқнашувлар, севгимнинг доимий исботи ва баҳоналардан чарчадим. Бу ҳаёт эмас, мен сизнинг ўйинчоғингиз эмасман, мени доимо қўрқитадиган болангиз эмасман. Мен заиф эмасман, лекин 24/7 режимда нима ва қандай қилишим кераклигини тинглашни хоҳламайман”, – дея ёзилган постидан сўнг Салтанатнинг зўравонликка учраётганидан яқинлари хабар топишади.
Қиз АҚШда яшаётган акаси Айтбекка бошининг турли жойларидаги кўкаришларни суратга олиб жўнатиб, бу суратларни сақлаб қуйишини, ўзаро ёзишмаларни ўчириб юборишни ва ўзи айтмагунча ҳеч қандай қарор қабул қилмасликни сўрайди. Синглисининг илтимосига қарамай, Айтбек АҚШдан Қозоғистонга учиб келади ва синглисини олиб кетмоқчи бўлиб, Бишембаев билан қаттиқ тортишади. Масала, Бишембаев ва Айтбекнинг ўзаро гаплашмаслиги ҳамда Салтанатнинг ўз акаси билан бошқа алоқа ўрнатмаслиги шартлари билан тугайди.
Салтанат яқинларининг ажрашиш ҳақидаги ундашларига унчалик аҳамият бермайди. Қуандикни севишини, у ўзгаришига умид билан яшашда давом этишини таъкидлайди. Аммо ҳар қанча умид қилмасин, Бишембаев Салтанатга нисбатан зўравонликлардан тийилмайди уни телбаларча рашк қилавериб, камситиш ва хўрлашда давом этаверади. Аёл Бишембаевдан ўзини ҳимоя қилиш мақсадида ўлимидан икки ой олдин ижарага квартира олиб, алоҳида яшашни бошлайди. Аммо Бишембаев ўзининг ҳуқуқ-тартибот органларидаги танишлари ёрдамида Салтанат яшайдиган жойни аниқлаб, хотини билан учрашади. Унинг беҳаё суратлари ва интим муносабатлари акс этган видео лавҳаларини интернетда тарқатиш билан таҳдид қилиб, ўзи билан бирга яшашга яна мажбурлайди.
2023 йилнинг 8 ноябрь куни кечки пайт эр-хотин Бишембаев ва Нукеновалар, Россиялик эстрада юлдузи Дима Биланнинг «КАЗАХСТАН» санъат саройидаги концертига ташриф буюришади. Концертда бегоналарнинг Салтанатга тикилиб қарашлари жуфтлик ўртасида яна зиддиятларни авж олдиради. Бишембаев хотинининг телефонига турли ҳақоратумуз гапларни ёзиб, уни эътибор тортадиган даражада тор кийинадиган бузуқликда айблаб, камситишни бошлайди ва концерт тугамасданоқ хотини билан гаплашиб олиш мақсадида ресторанга йўл олишади.
Салтанатга тан жароҳати етказиш Рестораннинг ҳожатхонасидан бошланади. Бишембаевнинг кўрсатма беришига қараганда, у томонидан совға қилинган қимматбаҳо тақинчоқларни Салтанат ҳожатхона қувурига оқизиб юбормоқчи бўлаётганидан жаҳли чиқиб, уни туртганини тан олади. «Бу мен томонимдан унга севгимиз рамзи сифатида ҳадя қилинган самимий совғалар эди, уларни менсимасдан шунчаки қувурга оқизиб юборилганидан ҳис-ҳаяжонга берилиб кетдим, лекин уни ўлдириш ниятида асло бўлган эмасман», деб кўрсатма беради.
У ўз кўрсатмасида давом этиб, Салтанат руҳий мувозанатини йўқотиб, устидаги кийимларигача ечиб ташламоқчи бўлаганини, ўзини тўрт томонга уриб ресторанда шовқин кўтариб, ҳамманинг эътиборини ўзига қаратгиси келганини, юзи бтилан полга йиқилиб тушганини билдириб, бундан шарм қилганлигини бир амаллаб хотинини рестораннинг кузатув камераси бўлмаган VIP хонасига олиб киргани ва уни тинчлантириш мақсадида алкоголь ичишни таклиф қилганини айтади. Салтанат билан муросага келолмагани учун тонгга қадар ресторанда қолишганини таъкидлайди.
Эртаси куни яъни 2023 йилнинг 9 ноябрь тонгги соат 07-00 да рестораннинг холл қисмида Бишембаев Нукенованинг бош қисмига зарбалар бериб, тан жароҳатлари етказа бошлайди. (Ҳолат кузатув видео камералари томонидан қайд қилинади). Бишембаев уни тинчлантириш мақсадида урганини ҳақида айтиб, «у ўзини ҳушдан кетганга соляпти», деб сочларидан тортиб, VIP хонага олиб борганини тан олади.
Маълум муддат ўтганидан сўнг салтанатнинг ухлаб қолганлиги ва унинг устига ёпинғич сифатида ўз костюмини ёпганини айтади. Анча вақт ўтса ҳам уйғонавермагач, тез ёрдам хизматини чақириш ўрнига ўзининг таниш башоратчисига қўнғироқ қилиб, Салтанатнинг уйғонмаётганлиги ва нима қилиш кераклиги ҳақида сўрайди. Башоратчи Нукенованинг бир пас туриб ҳушига келишини ва уйғонишини айтади.
Ресторан Бишембаевнинг яқин қариндоши Байжанов Б. га тегишли бўлганлиги учун ундан барча ходимларини ресторандан чиқариб юборишини ва барча видео кузатув ёзувларини ўчиришни талаб қилади. (кейинчалик тергов органлари видео ёзувларни тиклашади) Байжановнинг кўрсатмаларига кўра, Бишембаев, унга Салтанатга тегишли телефон у ётган VIP хонадан олиниб, савдо марказлари ва спорт клублари геолокациялари бўйлаб юриб, кейин эса Бишембаев билан яшайдиган уйга олиб бориб қуйилиши кераклигини талаб қилганини билдиради. Бу Салтанатнинг акаси Айтбекнинг ўз синглисини қайси манзилда эканлигини геолокация хизмати орқали тополмаслиги учун қилинади. Ресторанга қайтганимдан сўнг Салтанат ҳали ҳам уйғонмаган эди ва мен унинг аҳволидан хавотирланиб, тез ёрдам чақиртирдим дея кўрсатма беради. Тез ёрдам Салтанат вафот этганидан 12 соатлар вақт ўтиб чақирилади. 2023 йилнинг 9 ноябрь кеч соат 19:55 ларда тез ёрдам ходимлари келиб, аёлда ҳаёт аломатлари бўлмаганлигини қайд этишади.
Салтанат Нукенованинг ўлими қайд қилинган заҳотиёқ собиқ вазир ҳибсга олинади. 2023 йилнинг 12 ноябрь куни эса қамоқ муддати икки ойга узайтирилади. Тергов ҳаракатлари ўтказилиб, мамлакат президенти
Қосим-Жўмарт Тўқаев томонидан жиноят ишининг холис олиб борилиши назоратга олинади.
Тўқаев жиноятга жазо муқаррарлигини, «Қонун ҳамма учун бир хил бўлиши керак. Жамиятдаги адолат – бу фуқароларнинг қонун устуворлигини мустаҳкамлаш йўлида бирдамлиги. Қозоғистон қонун ва тартиб ҳукмрон бўлган адолатли мамлакатдир» деган ва мамлакат ички ишлар вазирига ҳамда олий суд раисига бу жиноят бўйича шахсий жавобгарликни юклаган.
Қуандик Бешимбаев қийноқ ва зўравонлик учун 4 йилдан 7 йилгача, қотиллик айби билан 15 йилдан умрбод қамоқ жазосигача ҳукм қилиниши мумкин. Шунингдек, жияни Бахтжан Байжановга эса жиноятни яширгани, оғир жиноят ҳақида вақтида хабар бермагани учун 12 йилга қамоқ жазоси ҳукм қилиниши мумкин.
Қонунчиликка кўра, умрбод қамоқ жазосини тайинлаш учун судьялар айбловни бир овозда маъқуллаши керак.
Қотилликда айбланаётган собиқ иқтисодиёт вазирининг миллионлаб долларларда олган пораси сабаб унга берилган 10 йилнинг атиги икки йили ўтгач озод қилингани ижтимоий тармоқларда катта резонансларни келтириб чиқарди. Ижтимоий тармоқларнинг нафақат қозоқ сегменти, балки бошқа давлатлардаги сегментларида ҳам фаол муҳокамаларга сабаб бўлаётган Салтанат Нукенованинг ўлими, Ҳукумат(лар)дан адолатни талаб қилишга бўлган чақириқларни намоён этмоқда. Сабаби инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилинишига оид қатор муаммолар айнан МДҲ мамлакатларида учраши ҳеч кимга сир эмас.
Мамлакат ва мамлакат ташқарисида яшовчи ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан Салтанатнинг зўравонлик қурбони бўлгани, бошқаларни ҳам бунга беэътибор бўлмасликка чорлашаётгани акс этган изоҳлар ва постлар тарқалди. Бешимбаевнинг собиқ хотини ижтимоий тармоқларида эрининг қўлидан бундай шафқатсизлик келишига ишонолмаслигини ёзади: «Бу шунчаки даҳшатли! Бечора қиз! Уни соатлаб масхара қилди кейин шафқатсизларча ўлдирди».
Постсовет мамлакатларининг аксариятида инсон ҳуқуқларига оид масалаларга панжа ортидан қараб келинади, оилавий зўравонликлар ва маиший жанжаллар сабаб юз бераётган жиноятларга қарши етарли кураш оли борилмайди. Бу эса жамиятнинг тўлақонли соғломлигига эришилмаганлиги, инсоният ўзини-ўзи ислоҳ қилишга ҳали ҳамон муҳтож эканлиги бугуннинг долзарб масаласига айланиб бораётганидан далолат беради.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: