У Instagram'даги жонли эфирда ҳаракат тезлигини ошириб, светофорнинг қизил ишорасига бўйсунмай ҳаракатланган.
Наманган шаҳар Ислом Каримов кўчасида шу йилнинг 1 январ куни Mercedes-Benz ҳайдовчиси йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб, ўзгалар ҳаётига хавф туғдирувчи ҳаракатлар содир этгани аниқланган. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХХ ахборот хизмати хабар берди.
23 ёшли Mercedes-Benz автомобили ҳайдовчиси ўзининг қоидабузарлик ҳаракатларини Instagram’даги саҳифасида жонли эфирда намойиш этиб борган. Ҳолат бўйича бир қатор моддалар билан жарима белгиланиб, автомобил жарима майдонига жойлаштирилган.
У содир этган қоидабузарликлар:
- туси ўзгартирилган транспорт воситасидан фойдаланиб, Йўл ҳаракати қоидаларининг 7.4-бандида кўрсатилган қоидабузарликни содир этгани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 126-моддаси;
- ҳаракат вақтида уяли алоқа воситасидан фойдаланиб, Йўл ҳаракати қоидаларининг 12-бандида кўрсатилган қоидабузарликни содир этгани учун МЖтКнинг 128-1-моддаси;
- светофорнинг қизил ишорасига бўйсунмай, Йўл ҳаракати қоидаларининг 31-бандида кўрсатилган қоидабузарликни содир этгани учун МЖтКнинг 128-4-моддаси;
- йўл ҳаракати қоидаларининг 11-бандини бузиб, авария ҳолатини келтириб чиқаргани учун МЖтКнинг 128-5-моддаси;
- йўл ҳаракати қоидаларининг 179-бандини бузиб, автомобил давлат рақами белгисини ўзбошимчалик билан ечиб олгани учун МЖтКнинг 128-5-моддаси;
- тегишли ҳужжатларсиз транспорт воситасини бошқариб, Йўл ҳаракати қоидаларининг 7-бандини бузгани учун МЖтКнинг 135-моддасига асосан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззахда Lacetti трансформаторга бориб урилгани хабар қилинганди.