19:37 | 16.11.23

                       

Намангандаги боғчада қизчанинг калтакланаётгани бўйича видео тарқалди — видео

Bugun.uz’даги маълумотларга кўра, қизча уйига олдин ҳам танасида кўкариш излари билан келган.

Наманганда болалар боғчасида тарбиячилардан бири қизчани калтаклагани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалганди.

Bugun.uz қизчанинг бувиси билан боғланди. Маълум бўлишича, воқеа бундан бир йилдан кўпроқ вақт олдин — 2022 йил май ойида Чуст туманида давлат тасарруфидаги МТМда содир бўлган. Қизчанинг оиласи эса буни видео ижтимоий тармоқларда пайдо бўлгандан кейингина билиб олган.

Гулғунча 6 ёшда бўлиб, бувиси айтган гапларга кўра, видеода болани калтаклаётган аёл Гулзода Имомова қизчанинг тарбиячисидир. Ўтган йили ҳам қиз баъзан болалар боғчасидан чимчилаш ва кўкариш излари билан келган. Қизча эса қўрқувга тушиб, тунлари тез уйғониб кетадиган бўлган. Шундан сўнг, улар Гулғунчани шифокорга олиб боришга мажбур бўлишган.

Bugun.uz’даги маълумотларга кўра, калтакланган қизнинг бувиси ИИБга ариза билан мурожаат қилган. Воқеа содир бўлганига анча бўлгани сабабли суд-тиббий экспертизаси тайинлашнинг имкони бўлмаган.

Айтилишича, тарбиячи аввалроқ ҳам бошқа болани урган. Ўшанда бола ерга йиқилиб, бурни лат еб, кўкарган. Жабрланган боланинг ота-онаси шикоят қилгани учун Гулзода Имомова тарбиячиликдан кир ювувчи лавозимига туширилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: