23:24 | 16.01.22

                       

NATO’га «дарҳол» аъзо бўладиган давлатлар маълум қилинди

Бу мамлакатлар ташкилотнинг барча мезонларига жавоб бериши айтилган

Шимолий Атлантика альянсининг собиқ бош котиби Андерс Фог Расмуссен NATO’га «дарҳол» қабул қилинадиган давлатларни номлади. Бу ҳақда «Yle» хабар берди.

Фото: «VOI»

Маълум қилинишича, дипломат мазкур давлатлар Украина ёки Грузия эмаслиги, бироқ альянс Финляндия ва Швецияни хоҳласа, «дарҳол» аъзолигига олишини айтган. «Агар Финляндия ва Швеция аъзолик учун ариза берса, биз бир зумда қарор қабул қилишимиз мумкин. Улар эртаси куниёқ аъзо бўларди, чунки бу давлатлар барча зарур мезонларга жавоб беради», — деган Расмуссен.

Унинг таъкидлашича, NATO эшиклари ҳамма учун очиқ, лекин Россия альянсга ким қўшилишига буйруқ беролмайди. У Москва Украинага ҳужум қилса, бу унинг учун қимматга тушишини қайд этган.

«Амалда Россия NATO’нинг кенгайиши бўйича вето қўйишни талаб қилмоқда. NATO эшиклари очиқ қолади. Мен бу ерда Россия мантиғини тушунмаяпман. Агар Россия Украинага бостириб кирса, шубҳасиз, Финляндия ва Швецияда NATO’га аъзолик бўйича мунозаралар кучаяди. Украинага қилинган ҳужум қимматга тушади», — дея хулоса қилди NATO’нинг собиқ бош котиби.

Аввалроқ NATO Россия чегараси яқинида ҳарбий машғулот ўтказиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Украина мудофааси АҚШдан олган техникалар сони ва турини очиқлаганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: