18:15 | 18.05.22
Мамлакат Европа Иттифоқига ҳам қўшилишни режалаштирган
Шотландия бош вазири Никола Стерджен мустақилликка эришгач, Украинадаги уруш фонида хaвфсизликни таъминлаш учун мамлакат NATO’га аъзо бўлиши кераклигини айтди. Бу ҳақда «The Scotsman» хабар берди.
Стердженнинг сўзларига кўра, Шотландия расмийлари 2023 йил охиригача мустақиллик бўйича навбатдаги референдум ўтказиш ниятида ва агар суверенитет қўлга киритилса, мамлакат Европа Иттифоқи ва Шимолий Атлантика альянсига қўшилади. «Мен бошқарган партия (Шотландия миллий партияси) 2012 йилда Шотландия мустақил бўлса, NATO’га аъзо бўлишини билдирганди», — деган у.
Бош вазир Шотландиянинг Европа шимолидаги «стратегик мавқеи»ни жуда яхши билишини айтиб, Россия самолётлари ва сувости кемалари Буюк Британия сувларига тез-тез яқинлашиб туришини таъкидлаган.
«Буюк Британия билан мустаҳкам алоқалар билан биргаликда Европа Иттифоқи ва NATO’га аъзолик Шотландиянинг мустақил хавфсизлик сиёсатининг асоси бўлади.
NATO’га аъзолик нафақат Шотландия хавфсизлиги учун, балки қўшнилар ва иттифоқчиларнинг жамоавий хавфсизлигига ҳам ҳисса қўшади. У, шунингдек, водород энергияси ҳақида гапириб, Шотландияда бу технология муҳим саноатга, Европада эса энг йирик водород манбасига айланиши мумкинлигини айтди.
«Шотландиянинг ресурслари бизга Европадаги яшил водороднинг энг ишончли ва тежамкор ишлаб чиқарувчиси бўлиш имкониятини беради», — деган расмий.
Аввалроқ Туркия NATO’га Финляндия ва Швеция аъзолиги бўйича ультиматум қўйганди. Шунингдек, Швеция NATO’га аъзолик аризасини имзолаганди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: