12:12 | 14.05.24
Нукусдаги кўзи ожизлар кутубхонасида 530 млн сўм талон-торож қилинди. Бундан ташқари, ногиронлар учун ажратилган 140 млн сўм ҳам ўзлаштириб юборилган.
Нукус шаҳридаги кўзи ожизлар махсус кутубхонасида 530,4 миллион сўмлик бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Бош прокурор ўринбосари бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Қорақалпоғистонда ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларнинг таълим олиши учун яратилган шароитлар аҳволи ўрганилган.
Хусусан, Нукус шаҳрида жойлашган кўзи ожизлар махсус кутубхонаси маъмурий биносини янгидан қуриш ва жиҳозлаш бўйича амалга оширилган қиймати 10,4 миллиард сўмлик пудрат ишлари ўрганилиб, жами 530,4 миллион сўмлик ишлар ҳақиқатда бажарилмаган бўлса-да, ҳисоботларга қўшиб ёзиш йўли билан бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланган.
Кутубхонани жиҳозлаш мақсадида ажратилган 2 та брайл принтери учун 90 миллион сўм ва 1 та овоз ёзиш студияси учун 50 миллион сўм маблағ ҳам ўзлаштириб юборилгани оқибатида кўриш қобилиятида нуқсони бор шахсларни қорақалпоқ тилида зарур адабиёт ва аудио материаллар билан таъминлаш имкони чекланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди ҳамда 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Қайд этилишича, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилиб, етказилган зарарни қоплаш чоралари кўрилмоқда.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: