17:06 | 01.04.23

                       

Олий суд меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини муттасил зўрлаб келган амалдорларга тайинланган жазога муносабат билдирди

Ушбу жиноят иши Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида кассация тартибида кўрилгандагина суд қарорининг адолатлилигига ҳуқуқий баҳо берилади

Хоразмда меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан бир неча бор жинсий алоқа қилган амалдорларга озодликни чеклаш жазоси тайинлангани ҳақида хабар берилганди. Олий суд матбуот хизмати мазкур ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Жиноят ишлари бўйича Хива туман судининг 2022 йил 6 сентябрдаги ҳукмига кўра Юлдуз Худайбергенова (1979 йилда Урганч шаҳрида туғилган, Хоразм вилояти Халқ таълим бошқармасига қарашли Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий болалар уйи раҳбари бўлган) Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) 3-қисми «а» банди, 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми «г» банди ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилиб, 1 йилга муайян ҳуқуқдан, яъни давлат иштирокидаги корхона, ташкилот, муассасаларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Ойбек Машарипов (1979 йилда Нукус шаҳрида туғилган, Хоразм вилояти Адлия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган) ва Анвар Курязов (1984 йилда Янгиариқ туманида туғилган, Янгиариқ тумани фавқулотда вазиятлар бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 128-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 1-қисми ва Жиноят кодексининг эски таҳрирдаги 128-1-моддаси (ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёхуд мулкий манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш)да назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига 1 йил 6 ойдан озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Хоразм вилояти Адлия бошқармаси ва Янгиариқ тумани фавқулотда вазиятлар бўлими бошлиқларининг ҳимоячиси ҳамда меҳрибонлик уйи раҳбари томонидан киритилган апелляция шикоятларига асосан ушбу жиноят иши апелляция тартибида кўриб чиқилиб, вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2022 йил 27 декабрдаги ажримига кўра жиноят ишлари бўйича Хива туман судининг 2022 йил 6 сентябрдаги ҳукми билан судланувчиларга нисбатан тайинланган жазо ўзгаришсиз қолдирилган.

«Тарафларга апелляция инстанцияси судининг ажрими устидан Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига кассация тартибида шикоят қилиши, прокурор протест келтириши мумкинлиги тушунтирилган бўлиб, ҳозирги кунга Олий судга кассация тартибида протест ёки шикоят келиб тушмаган», дейилади хабарда.

Шунингдек, ушбу жиноят иши Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида кассация тартибида кўрилгандагина юқоридаги суд қарорининг қонунийлиги, адолатлилиги ва асослилигига ҳуқуқий баҳо берилиши маълум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Хоразм вилояти Адлия бошқармаси бошлиғи ва Янгиариқ тумани ФВБ бошлиғи оилавий меҳрибонлик уйида 15, 16 ва 17 ёшли қизлар билан меҳрибонлик уйи раҳбари ёрдамида жинсий алоқа қилиб келган.

Мансабдорлар гўёки меҳрибонлик уйига ҳомийлик қилгандек, принтер, диван озиқ-овқат воситалари ҳадя қилган. Кейинчалик эса меҳрибонлик уйи раҳбарига 200–250 минг сўм атрофида пул бериб, 10 ой давомида вояга етмаган қизларни зўрлаб келган.

Тарбияланувчи қизлар мансабдорлар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаб келинган. Қизлар бунга кўнмаган тақдирда уларга овқат бермай оч қолдирилган, бир қизнинг укаси ўқлов билан барча болаларнинг кўз ўнгида калтакланган ва бошқа турли хил жазолар қўлланган.

Комил Алламжонов ушбу ҳолатга муносабат билдирар экан, педофилларга нисбатан кимёвий кастрация жазосини қўллаш юзасидан қонунчиликка ўзгартириш киритиш вақти келганини маълум қилди.

«Агар бу масала дунё тажрибасисиз бўлмайди, қайда бор бу жазо, десангиз, Қозоғистон, Украина, Германия, Норвегия, Швеция, Дания, Исроил, Жанубий Корея, Франция, АҚШ ва ҳоказо давлатларни кўринг. Уларда бор экан бу жазо. Хитой, Лотин Америкаси давлатлари, Саудия Арабистони ва Эронда биратўла ўлдириб юборилар экан», — деб ёзади Алламжонов.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: