20:11 | 07.02.24
Навоийда «Шарманда доскаси» пайдо бўлгани ва унга жиноят содир этган шахсларнинг сурати илиниши хабар қилинди. Омбудсман маҳаллалардаги эълон тахталарига айбдор деб топилган шахснинг фотосурати ва у ҳақидаги маълумотлар жойлаштириш амалиётини инсон ҳуқуқларига зид деб ҳисоблади.
Навоий вилояти Карманда туманидаги маҳаллаларга тарқатиш учун тайёрланган «Шарманда доскаси» сурати «Kun.uz» нашри томонидан эълон қилинди.
Кармана тумани ИИБ бошлиғи ўринбосари Набижон Чўлиевга кўра, ҳукумат қарори билан тасдиқланган низомда суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган шахснинг фотосурати у томондан содир этилган жиноят тўғрисидаги маълумот билан бирга маҳалла фуқаролар йиғинидаги барчага кўринадиган эълонлар тахтасига бир ойлик муддатга жойлаштирилиши белгиланган.
Ҳукумат қарори билан тасдиқланган низомда келтирилишича, суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган шахс суднинг оқлов ҳукмини тақдим қилган тақдирда, унинг фотосурати ва содир этилган жиноят тўғрисидаги маълумот профилактика инспектори томонидан маҳалла фуқаролар йиғинидаги эълонлар тахтасидан дарҳол олиб ташланади. Шунингдек, ушбу ҳолат бўйича аввал ўтказилган муҳокама юзасидан уч кун муддатда раддия тайёрланиб, эълонлар тахтасига бир ойлик муддатга жойлаштирилади.
Омбудсман ахборот хизмати маълум қилишича, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир. Ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмаслиги қатъий белгиланган.
Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 7 моддасига кўра, жазо ва бошқа ҳуқуқий таъсир чоралари жисмоний азоб бериш ёки инсон қадр-қимматини камситиш мақсадини кўзламайди. Юқоридагилардан келиб чиқиб, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) маҳаллалардаги эълон тахталарига айбдор деб топилган шахснинг фотосурати ва у ҳақидаги маълумотлар жойлаштириш амалиётини инсон ҳуқуқларига зид деб ҳисоблаган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: