17:11 | 16.07.24
Марказий банк 11 та банк, битта микромолия ташкилоти ва бир ломбардни жаримага тортди.
Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси томонидан жорий йилнинг июн ойидаги йиғилишларида (7 марта) 42 та масала кўрилди ва улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди. Бу ҳақда МБ матбуот хизмати хабар берди.
Кредит ташкилотларининг молиявий ҳолатига оид 14 та масала – Марказий банкнинг кўрсатмалари ва пруденциал меъёрлари талабларининг бажарилиши, банклар ва микромолия ташкилотларида ўтказилган текширишлар натижалари ҳам муҳокама қилинган.
«Марказий банк томонидан ўрнатилган иқтисодий меъёрлар талабларига риоя қилинмаганлиги ҳамда Марказий банкка тақдим этилган маълумотларда ноаниқликларга йўл қўйилганлиги ва текшириш натижаларида аниқланган қоидабузарликлар учун 11 та банк, битта микромолия ташкилоти ва битта ломбардга нисбатан жарима санкцияси қўлланди», – дейилади хабарда.
Бундан ташқари, банк тизими барқарорлигини сақлаш, омонатчилар ва инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тамойилидан келиб чиқиб, тижорат банклари бошқарувлари ва микромолия ташкилотлари раҳбариятларига аниқланган камчиликларни тузатиш, улар бўйича тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, ўрнатилган пруденциал нормативларга амал қилиш, банк фаолиятида мавжуд заифликларни бартараф этиш ва молиявий ҳолатини соғломлаштиришга қаратилган талабларга риоя қилиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: