10:31 | 13.08.24

                       

Остеопороз хавфини оддий усулда аниқлаш йўли топилди

Остеопороз хавфини оддий усулда аниқлаш йўли топилди. Ушбу касалликда баъзан умуртқа поғонаси суяклари синиши кузатилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати Остеопороз касаллиги ҳақида маълумот берди.

Қайд этилишча, ушбу дарддан биринчи навбатда, умуртқа поғонаси суяклари азият чекади. Яъни уларнинг зичлиги камайиб, баъзан синиши кузатилади. Камҳаракатлик остеопорозни янада кучайтириб, ногиронликка олиб бориши мумкин.

Шу маънода, бу патологияга барвақт ташхис қўйиш ва муолажаларни эрта босқичда бошлаш самарали. Аммо касаллик ривожланиш хавфини аввалдан прогноз қилиш бирмунча мураккаб жараён.

Швециянинг Стокголм шаҳрида бўлиб ўтган Европа эндокринология конгрессида бу борада янги диагностика усули тақдим этилди.

Маълумотларга кўра, мазкур ташхис усули жуда оддий. Бунинг учун қўлнинг тери ости ёғидан намуна олинади ва текширилади. Шу тариқа 50 ёшдан ошган кишиларда остеопороз ривожланиш хавфи эрта босқичда аниқланади.

Тадқиқотга 115 нафар иштирокчи жалб этилиб, уларнинг таҳлил намуналари ўрганилди.

Якунда, тана массаси индексидан қатъи назар, қўл териси остидаги ортиқча ёғ даражаси юқори кишиларнинг умуртқа поғонаси суяклари нисбатан мўрт бўлиши аниқланди.

Келгусида ушбу ташхис усули тиббий амалиётда кенг қўлланилиши мумкин.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: