17:05 | 14.02.24

                       

Ўзбекистон банкларида айрим шахсларга ҳисобварақ очиш тақиқланиши мумкин

Марказий банкка кредит ва тўлов ташкилотларида иқтисодий санкциялар билан боғлиқ хатарларни бошқаришга доир талабларни ўрнатиш, ушбу талаблар бажарилмаган ҳолатда эса чора ва санкциялар қўллашга оид ваколат берилиши мумкин.

Санкция остидаги шахсларга Ўзбекистон банкларида ҳисобварақ очиш тақиқланиши мумкин. Бу кўзда тутилган қонун лойиҳаси депутатлар томонидан кўриб чиқилиб, биринчи ўқишда қабул қилинди.

Мазкур ҳужжат билан Марказий банкнинг кредит ва тўлов ташкилотларида иқтисодий санкциялар билан боғлиқ хатарларни бошқаришга доир талабларни ўрнатиш, ушбу талаблар бажарилмаган ҳолатда эса чора ва санкциялар қўллашга оид ваколати кўзда тутилмоқда.

Унга кўра, кредит ва тўлов ташкилотларига иқтисодий санкциялар билан боғлиқ хатарларни бошқаришга доир талаблар доирасида мижозларга ҳисобварақлар очиш ва операцияни амалга оширишни рад этиш ҳуқуқи берилмоқда.

«Қайд этиш лозимки, амалдаги қонунчиликда иқтисодий санкциялар билан боғлиқ хатарларни тартибга солиш ва назорат қилиш бўйича меъёрлар мавжуд эмас. Шунингдек, мижозларга ҳисобварақлар очиш ва операцияларни ўтказиш бўйича тижорат банкларининг қонунчилик билан белгиланган мажбурияти иқтисодий санкциялар остида бўлган шахсларга маҳаллий банкларда тўсиқларсиз ҳисобварақларни очиш ва улар орқали операцияларни амалга ошириш имкониятини беради. Бу эса бутун банк тизимида иқтисодий санкциялар билан боғлиқ хатарларни, жумладан хорижий корреспондент банклар билан вакиллик муносабатларининг узилиши, маҳаллий тижорат банкларига нисбатан иқтисодий санкциялар қўлланиши оқибатида халқаро молия бозорларига кириш бўйича чекловлар тадбиркорлик субъектларининг трансчегаравий ўтказмаларида узилишлар бўлиши эҳтимолини сезиларли даражада оширади», — дейди Марказий банк раиси ўринбосари Аброрхўжа Турдалиев.

Қайд этилишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши орқали банк тизими молиявий барқарорлиги мустаҳкамланишига, халқаро ва хорижий молия институтлари томонидан республика банк тизимига нисбатан бўлган ишонч ошишига ҳамда фуқаро ва хўжалик субъектларининг трансчегаравий операциялари узлуксизлиги таъминланишига эришилади.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: