12:36 | 10.05.24

                       

Ўзбекистон чармсаноатида ишлаб чиқаришнинг ярми Андижон ва Фарғонага тўғри келади

Ўзбекистон чармсаноатида ишлаб чиқариш ҳажми 3 триллион сўм. Президент шунинг ярми Андижон ва Фарғонага тўғри келишини айтди.

Президент раислигида маҳаллий саноат тармоғидаги ички имкониятларни сафарбар этиш орқали аҳолини ишли ва даромадли қилиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Йиғилишда айрим вазир ва ҳокимлар бу соҳа тадбиркорларини эшитмаётгани, тайёр имкониятлардан тўғри фойдалана олмаётгани кўрсатиб ўтилди.

«Ўтган йили чармсаноатда ишлаб чиқариш ҳажми ўсиб, қарийб 3 триллион сўмга етди. Лекин, шуни ярми Андижон ва Фарғонага тўғри келади. Республикадаги жами терининг 40 фоизини берадиган Қорақалпоғистон, Бухоро, Жиззах, Сурхондарё ва Хоразмнинг чармсаноатдаги улуши уларнинг имкониятига мос эмас. Маҳсулотига бозор топиш, айланма маблағ масалалари сабабли айрим корхоналар ўтган йилни зарар билан якунлаган. Ўтган йили чармсаноат экспортида тайёр маҳсулот улуши атиги 30 фоиз бўлган», — деди Президент.

Давлат раҳбари икки йил олдин 155 гектар жой ажратилиб, чармга ихтисослашган 16 та кичик саноат зонаси қилинганини қайд этди.

Оҳангарон ва Ургут туманларида лойиҳалар бошланган бўлса-да, Нурафшон шаҳрида, Уйчи, Ангор, Қўқон, Қўштепа, Олтинкўл, Шароф Рашидов туманлари, Наманган шаҳри, Шаҳрихон, Самарқанд, Ҳазорасп, Бухоро, Нукус туманлари, Қарши шаҳрида бу ишлар лозим даражада ташкил этилмагани танқид қилинди.

Соҳада янги лойиҳалар учун 40 миллион доллар арзон ресурс ажратилгани, халқаро кредит линияларидан 100 миллион доллар жалб этилганига қарамай, мутасаддилар бу борада сусткашликка йўл қўяётгани кўрсатиб ўтилди.

Соҳада энг асосий масалалардан бири, бу – хом ашё.

«Кластерларда қорамолни кўпайтириш билан бирга, аҳоли хонадонлари ва терини қайта ишлаш корхоналари билан кооперацияни йўлга қўйиш 25 та туманда чорвачилик кластерлари ташкил қилинган. Лекин, ер ажратиш ва кредит масаласи тўлиқ ҳал қилинмагани учун барча кластерларнинг ҳам фаолияти ҳали юриб кетгани йўқ. Масалан, 19 та кластерга етарли ер майдонлари ажратилмаган», — деди Шавкат Мирзиёев.

Айтилган муаммоли масалалардан келиб чиқиб «Чармсаноат» уюшмаси фаолиятини тубдан ўзгартириш зарурлиги таъкидланди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: