23:35 | 07.03.24

                       

Ўзбекистон ва Қатар дипломатик кадрлар тайёрлаш соҳасида ҳамкорлик қилади

Қатар ТИВ ҳузуридаги Дипломатик институт томонидан ташкил этиладиган ўқув курсларига Ўзбекистон вакилларини жалб этиш тўғрисида келишиб олинди.

Ўзбекистон элчиси Ашраф Хўжаев Қатар Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Дипломатик институти ректори Абдулазиз Ал-Ҳурр билан учрашув ўтказди, деб хабар қиляпти «Дунё».

Фото: «Дунё»

Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Қатар ўртасида барча жабҳаларда, хусусан таълим соҳасидаги алоқаларни янада жадаллаштириш, икки мамлакат олий таълим муассасалари ҳамкорлигини чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон–Қатар муносабатлари сўнгги йилларда давлатлар етакчиларининг саъйи-ҳаракатлари билан янги суръат олгани алоҳида қайд этилди.

Томонлар Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети Дипломатик академияси ва Қатар ТИВ ҳузуридаги Дипломатик институти ўртасида тренинглар ўтказиш ва ҳамкорлик бўйича англашув меморандуми лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда имзолаш масалалари хусусида фикр алмашдилар.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети делегациясининг Қатарга ташрифини ишлаб чиқиш ва ташриф давомида мазкур ҳужжатни имзолаш ҳамда ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини белгилаб олиш муҳимлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, Қатар ТИВ ҳузуридаги Дипломатик институт томонидан ташкил этиладиган ўқув курсларига мамлакатимиз вакилларини жалб этиш, Ўзбекистонда ўтказилаётган халқаро тадбирларга ушбу институт ходимлари иштирокини таъминлаш тўғрисида келишиб олинди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: