22:07 | 28.02.24
2023 йилда жами 16 миллиондан ортиқ йўл ҳаракати қоидабузарлиги қайд этилган, жумладан 13 млн дан кўп қўпол қоидабузарлик, 42 мингга яқин транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш, 300 мингдан ортиқ пиёдалар қоидабузарлиги қайд этилган.
Ўзбекистонда 2023 йилда жами йўл ҳаракати соҳасида 16 миллиондан ортиқ қоидабузарлик қайд этилган. Бу ҳақда Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида хабар берилди.
Қайд этилишича, автомобиль йўлларида йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан таъсирчан назорат тўлиқ ва самарали ўрнатилмаганлиги сабабли 2023 йилда жами 16 млн дан ортиқ қоидабузарлик қайд этилган, жумладан 13 млн дан кўп қўпол қоидабузарлик, 42 мингга яқин транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш, 300 мингдан ортиқ пиёдалар қоидабузарлиги қайд этилган.
Оқибатда, 9 839 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 9 209 нафар фуқаро жароҳатланган ва 2 282 нафар фуқаро ҳалок бўлган. 2023 йилда болалар билан боғлиқ 1 794 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 1 568 нафар бола жароҳатланган ва 263 нафар бола ҳалок бўлган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига аҳолидан келаётган ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ мурожаатларнинг аксарияти ходимларнинг, айниқса, йўл-патруль хизмати ходимларининг тарбиясиз ҳаракатлари, йўл ҳаракати қатнашчилари билан қўпол муомаласи устидан эътирозни акс эттирмоқда.
Шу боис Қўмита томонидан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича аҳолини норозилигига сабаб бўлаётган омиллар, хусусан автомобиль йўлларида ўрнатилаётган радарлар ҳолати, уларни ўрнатиш меъёрлари, қонун ва қонуности ҳужжатлардаги тафовутлар батафсил ўрганилиши режалаштирилмоқда.
Мажлисда сенаторлар томонидан аҳоли ўртасида жиноятчиликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, жиноятларнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Бу борада тегишли тавсиялар берилди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: