10:53 | 17.07.24
Ўзбекистонда 6 ой ичида инфратузилмани яхшилаш учун бюджетдан 31,5 триллион сўм ажратилди. Одамларга уй олиш учун 545 миллиард сўм субсидия берилди.
Шавкат Мирзиёев биринчи ярим йилликда жами капитал қуйилмалар 229 триллион сўмни ташкил қилганини айтди.
Маълум бўлишича, шундан 15,5 миллиард доллари хорижий инвестиция.
Йил бошидан 3,5 миллиард долларлик 3 мингта лойиҳа ишга тушиб, 76 мингта юқори даромадли доимий иш ўрни яратилди.
Тадбиркорлик учун 82 триллион сўм кредит ва 15,5 триллион сўм субсидия берилиб, 600 минг аҳоли бизнесга жалб қилинди. Берилган енгиллик ва имтиёзлар ҳисобига тадбиркорлар ихтиёрида 56,3 триллион сўм маблағ қолди.
Сайхунобод, Уйчи, Зарбдор ва Ғиждувон тажрибалари бошлангани, иқтисодий комплекс маҳаллага туширилгани ҳисобига 4 мингдан ортиқ маҳалла саноат ва қишлоқ хўжалигига ихтисослашди, 1 миллион 600 минг аҳоли расмий банд бўлди.
«Яшил» энергетикадаги ислоҳотлар натижасида ҳозиргача ишга тушган 2,4 гигаваттли 10 та қуёш ва шамол электр станциялари ҳисобига биринчи ярим йилликда 1,6 миллиард киловатт «яшил» энергия олинди.
Бу ярим миллиард куб метр газни тежаш имконини берди.
Шу йилнинг ўзида маҳаллаларни обод қилиш, боғча, мактаб, тиббиёт, йўл, сув, электр каби инфратузилмани яхшилаш учун бюджетдан 31,5 триллион сўм ажратилди. Бунга яна 1,5 триллион сўм ажратилиши белгиланди.
Йил бошидан 18 минг 600 та янги хонадон қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Ўтган олти ойда 26 мингта оилага 7 триллион сўмга яқин ипотека кредити ажратилди. Улар бўйича бошланғич тўлов ва фоизни қоплаш учун 545 миллиард сўм субсидия берилди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: