17:45 | 18.04.24

                       

Ўзбекистонда бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлиги оширилади

Ўзбекистонда 8 ва ундан юқори баллик сейсмик фаол зоналарда янги қурилиши режалаштирилаётган биноларни сейсмик ҳимоялаш қурилмалари билан таъминлаш амалиёти йўлга қўйилади.

«Бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини ошириш ҳамда сейсмик хавфни мониторинг қилиш фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Қарори қабул қилинди. Бу ҳақда ҳуқуқий ахборот каналида маълум қилинди.

Қарорга кўра, 2024 йил 1 июндан МСК-64 шкаласи бўйича 8 ва ундан юқори баллик сейсмик фаол зоналарда янги қурилиши режалаштирилаётган 5 қаватдан юқори тиббиёт объектлари ҳамда 9 қаватдан юқори биноларни актив сейсмик ҳимоялаш қурилмалари, шу жумладан сейсмоизоляция ва демпфер ускуналари билан лойиҳалаш амалиёти йўлга қўйилади.

  • 2024 йил 1 июлдан янги қурилиши режалаштирилаётган хавфлилик омили III – IV тоифа бўлган объектларга бино ва иншоотларнинг юк кўтарувчи конструкцияларини автоматик мониторинг қилиш ускунасини ўрнатиш мажбурий этиб белгиланади;
  • 2024 йил 1 июлгача республиканинг барча туман ва шаҳарлари ҳудудлари кесимида минтақавий акселерограммалар рақамлаштирилади ҳамда уларнинг онлайн базалари шакллантирилади;
  • 2024 йил 1 августдан хавфлилик омили III – IV тоифа бўлган объектларни ҳудуднинг зилзилалар кучини кўрсатиб берувчи минтақавий акселерограммалар базаларидан келиб чиқиб лойиҳалаш ва қуриш тартиби жорий этилади;
  • 2024 йил 1 июндан янги қурилиши режалаштирилаётган хавфлилик омили III – IV тоифа бўлган объектларда газ ва электр тармоқларини кучли зилзила пайтида автоматик блоклаш тизими билан лойиҳалаш тартиби жорий этилади;
  • 2024 йил 1 июлгача техник ҳолати қониқарсиз деб топилган мавжуд бино ва иншоотларни «компенсацион инъекция технологияси орқали мустаҳкамлаш ва деформацияни олдинги ҳолатига қайтариш» услуби орқали қайта тиклаш ишлари эксперимент тариқасида амалга оширилади;
  • 2024 йил 1 майдан зилзила хавфи ва прогнозига оид хулосаларни ҳар ойда жойлардаги ҳокимликларга киритиш амалиёти йўлга қўйилади;

Зилзила муҳандислиги олимлари ассоциацияси (Ассоциация) ташкил этилади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: