12:09 | 17.04.23

                       

Ўзбекистонда ички йўлларни таъмирлаш бўйича «Менинг йўлим» лойиҳасига старт берилди

Лойиҳа доирасида таклиф киритиш жараёни 27 апрелга қадар (10 кун давомида) давом этади

Open budget ахборот порталида 17 апрелдан «Менинг йўлим» лойиҳасининг 2023 йилги мавсуми учун аризалар қабули бошлангани ҳақида маълум қилинди.

Қайд этилишича, туман (шаҳар) бюджетларида ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш учун режалаштирилган маблағларнинг камида 50 фоиз қисми фуқаролар фикри асосида йўналтирилишини таъминлаш мақсадида ташкил этилган «Менинг йўлим» лойиҳасининг 2023 йилги мавсуми учун 312 миллиард сўмдан ортиқ маблағлар йўналтирилиши режалаштирилган. Ҳар бир туман ва шахар учун 1,5 миллиард сўмдан маблағ йўналтирилади.

Лойиҳа доирасида таклиф киритиш жараёни 2023 йилнинг 27 апрел санасига қадар (10 кун давомида) давом этади. Киритилган таклифлар учун овоз бериш жараёнлари 28 апрелдан 7 май кунига қадар (10 кун давомида) ўтказилади.

Маълумот учун, бу тизим «Ташаббусли бюджет» жараёнларидан фарқли ўлароқ бир йилда бир маротаба ўтказилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 февралдаги «Автомобил йўллари соҳасида очиқлик стандартларини жорий этиш ва соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 49-сонли қарорига асосан бюджет маблағларини сарфланишида фуқаролар иштирокини янада ошириш ва мамлакатдаги мавжуд ички йўллар сифатини яхшилаш мақсадида 2022 йилдан бошлаб туман ва шаҳарлар бюджетлари параметрларида ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш учун ажратиладиган маблағларнинг 50 фоизи Open budget ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида аниқланган ички йўлларни таъмирлашга йўналтирилиши белгилаб қўйилган.

Open budget ахборот порталига ички йўлларнинг жойлашган манзили (геопозицияси), тўлиқ номлари, узунлиги, ҳолати (асфалтланган, таъмирталаб) ва бошқа маълумотлари тўлиқ киритилади ҳамда фуқаролар ички йўллар реестридан геомаълумотлар асосида тегишли ички йўлни танлаш орқали ўз таклифларини қолдириш имкониятига эга бўлади.

Таклиф қолдириш механизми

Ахборот портали автоматик равишда таъмирлашга доир ўртача нархни ва туман (шаҳар) бюджети параметрларидан келиб чиқиб, ҳар бир туман (шаҳар) бўйича таъмирланадиган ички йўлларнинг умумий ҳажмини аниқлайди. Ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида ички йўлларни таъмирлашда таклифларни шакллантириш тартиби қуйидагича:

  • ахборот портали орқали жамоатчилик фикри бевосита фуқаролар томонидан билдирилган таклифлар асосида шакллантирилади;
  • ахборот портали орқали таклифларни юбориш ҳамда овоз бериш жараёнида фақатгина вояга етган фуқаролар иштирок этишлари мумкин;
  • фуқаролар ҳар йили ички йўлларни таъмирлашга фақат битта таклифни илгари суриши ҳамда битта таклифга овоз бериши мумкин. Фуқаролар ўзлари томонидан киритилган таклифга овоз бериши тақиқланади;
  • ички йўлларни таъмирлашга доир таклифлар киритиш фуқаролар томонидан ахборот порталида тақдим этилган Ички йўллар реестридаги тегишли ички йўллардан бирини танлаш орқали амалга оширилади;
  • ахборот порталида таклиф киритиш бевосита порталда рўйхатдан ўтиш орқали амалга оширилади;
  • ҳар бир туман ва шаҳарларда билдирилган таклифлар бўйича берилган энг кўп овозлар сонидан келиб чиқиб, юқоридан пастга қараб сараланади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: