15:21 | 15.02.24
Ўзбекистонда ҳаво совиши ортидан метан заправкалар иш жадвалига ўзгартиришлар киритилиши мумкин. «Ҳудудгазтаъминот» ҳайдовчилардан ўз автомобилларини ёнилғи билан таъминлаб олишларини сўради.
Ўзбекистонда ҳавонинг кескин совиши ортидан яқин орада метан заправкалар иш жадвалига ўзгартиришлар киритилиши мумкин. Бу ҳақда «Ҳудудгазтаъминот» матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, «Ўзгидромет» 16–18 февраль кунлари мамлакат бўйлаб ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши ва жойларда ҳарорат кундузи 3–8 даража, кечаси 11–16 даражагача совуқ бўлишини эълон қилди.
Шу муносабат билан «Ҳудудгазтаъминот» биринчи навбатда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз табиий газ билан таъминлаш чоралари кўрилишини маълум қилди. Истеъмолчиларга табиий газни бир маромда етказиб бериш мақсадида республика бўйича 262 та авария бригадалари шай ҳолатга келтирилган.
Совуқ кунларда газ истеъмолининг ортиши муносабати билан, АГТКШларда навбатлар ва ноқулайликлар юзага келишининг олдини олиш мақсадида «Ҳудудгазтаъминот» ҳайдовчилардан ўз автомобилларини ёнилғи билан таъминлаб олишларини сўради.
Қайд этилишича, айни вақтда мамлакатдаги барча АГТКШлар 24 соатлик режимда фаолият юритмоқда, бироқ яқин орада маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда уларнинг иш графигига ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
Аввалроқ Сирдарёда 62,5 млрд сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланган метан «заправка» мансабдорларига жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилган эди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: