18:23 | 20.02.24
Ўзбекистонда протез воситалари 18 турдан 30 турга, ажратилаётган маблағ эса 1,5 баробар оширилиб, 100 миллиард сўмга етказилади ҳамда улар билан таъминлаш электрон шаклда бўлади. Барча давлат идоралари сайтларини ногиронлиги борлар учун қулай шаклга келтирилади.
Ўзбекистон туманларидаги даволаш ўринларининг 5 фоизи ногиронлиги бўлганларни реабилитация қилишга ажратилади, туман марказий шифохоналарида тиббий реабилитация хоналари ташкил этилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган йиғилишда маълум қилинди.
Қайд этилишича, протез воситалари 18 турдан 30 турга, ажратилаётган маблағ эса 1,5 баробар оширилиб, 100 миллиард сўмга етказилади ҳамда улар билан таъминлаш электрон шаклда бўлади.
Ногиронлиги бўлган шахслар бундай воситаларни уйдан туриб, ваучер орқали онлайн ёки «Инсон» маркази ёрдамида исталган ишлаб чиқарувчидан олиши мумкин бўлади.
Шунингдек, мутасаддиларга ногиронлиги бўлган шахсларга дори воситаларини тарқатишда ҳам тартиб ўрнатиб, шаффоф тизим яратиш топширилди. Бу уйда ўтирган ногиронлиги бор шахсларнинг ҳаракатланиши енгиллашишига, билим олиши ва касбий кўникма эгаллаши, меҳнат қилиши ёки спорт билан шуғулланиши учун имконият яратилишига хизмат қилади. Протезларни олиш муддати қисқаради.
Бундан ташқари, бино ва иншоотларни қуришдаги лойиҳачи ногиронлиги бўлганлар учун қулай муҳит яратилганлиги бўйича ҳам мажбурий экспертизадан ўтказилади. Хорижий мутахассислар иштирокида жорий йилда камида 500 нафар лойиҳачи ва архитекторни ногиронлиги бўлган шахслар учун тўсиқсиз муҳит яратишга ўқитиш вазифаси қўйилди.
Пойтахтдаги бекатларни, жамоат транспорти, жумладан, метрони ногиронлиги бор одамларга мослаштириш бўйича икки йиллик дастур амалга оширилади. Бу ишларни ҳудудларда ҳам бошлаш бўйича вилоят ҳокимларига топшириқ берилди.
Барча давлат идоралари сайтларини ногиронлиги борлар учун қулай шаклга келтириш зарурлиги қайд этилди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: