10:51 | 29.07.24

                       

Ўзбекистонда ёшга доир пенсиялар автоматик тарзда тайинланади

Ўзбекистонда ёшга доир пенсиялар автоматик тарзда тайинланади. Фуқаролар Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлинмасига мурожаат қилиши керакмас.

Республикада 2025 йил 1 мартдан бошлаб ёшга доир пенсиялар фуқароларнинг мурожаатисиз тайинланади. Бу ҳақда Пенсия жамғармаси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Пенсия таъминоти тизимига ахборот технологияларини фаол жорий қилиш орқали фуқароларга кўрсатилаётган хизматлар босқичма-босқич интерактив ва проактив шаклга ўтказилмоқда.

Хусусан, 2025 йил 1 мартдан бошлаб пенсия ёшига етган фуқароларга пенсиялар автоматик тарзда, яъни ҳеч қандай ҳужжат талаб этмаган ҳолда ва фуқаронинг мурожаатисиз тайинланади. Шунингдек, фуқаронинг шахсига оид барча маълумотлар вазирлик ва идораларнинг электрон базаларидан олинади.

Ушбу қулайликларнинг йўлга қўйилиши натижасида фуқаролардан пенсия тайинлаш учун Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлинмасига мурожаат қилиш талаб этилмайди.

Бундан ташқари, Пенсия ёшига етган фуқарога қонунчиликда белгиланган талаблар доирасида пенсия тайинлаш ҳақида қарор қабул қилинганида унинг телефон рақамига «пенсия тайинланганлиги ва унинг миқдори» тўғрисида маълумот юборилади.

Пенсияга чиқмасдан иш фаолиятини давом эттириш истагида бўлган ёки пенсия миқдоридан норози бўлган фуқароларга эса «автоматик» тайинланган пенсияни рад этиш ҳуқуқи берилмоқда.

Фуқаро пенсия тайинланганидан, пенсия миқдоридан ёки пенсия тайинланиши рад этилганидан норози бўлган тақдирда Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига тегишли тартибда ариза билан мурожаат қилишлари мумкин.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: