17:48 | 02.08.24

                       

Ўзбекистонлик эркак тўққиз ёшли қизга уйланишини тарғиб қилди

Тўққиз ёшли қизга уйланишини тарғиб қилган эркак ИИБ га чақиртирилди (видео).

Facebook’да 30 ёшли аёлдан кўра 9 ёшли қизга уйланишни афзал кўришини айтган, унга уйланишни тарғиб қилган фуқаро билан профилактик суҳбат ўтказилди.

«30 га кирган, қирқ бешинчи қўл, олий маълумотли, бокира, икки тарафдан нафас оладиган қизларга уйлангандан кўра, 9 ёшлигига уйланишни маъқул кўрамиз», — деб изоҳ қолдирган эди Facebook фойдаланувчиси Абдурозиқхон Абдукаримов.

Фаоллар ҳам ижтимоий тармоқларда тарқалган ушбу ҳодисани кескин қоралади. Хусусан, блогер Зафарбек Солижонов агар профил эгаси турмуш ёшига етган, ўқимаган қизга уйланишни маъқул кўраман деганда бундай эътирозлар бўлмаслигини айтган.

«У қонун тақиқлайдиган танловни пассив тарғиб қилган. Ўзи тан олганидек, жаҳл устида ёзган. Ижтимоий тармоқларда фикр ёзишга шошманг. Ўйланиб ёзинг. Аввало оилангиз, ўзингизни ўйланг. Қамалсангиз, ҳамма яқинингизга жабр. Сўз эркинлигидаям чегара бўлади. Қонун бор», — дейди Солижонов.

Нурбек Алимовга кўра, фуқаро Абдукаримов бунгача Facebook’да доимий диний мазмундаги пост ва изоҳлар билан анча танилган. Баҳсларда шаърий «ҳукмлар» ёзиб келган.

Бундан ташқари, Файзбоғ каналида ҳам воқеага нисбатан кескин фикр билдирилди.

«Катталарнинг балоғатга етмаган болаларга нисбатан жинсий мойиллиги психиатрик касаллик ҳисобланиб, тиббиётда педофилия деб аталади. Бундай одамлар жамиятдан аёвсиз тарзда тозаланади. Айрим давлатларда, ҳаттоки, педофилларни жинсий бичиш амалиёти ҳам мавжуд. Демократик давлатда яшаётган эканмиз, энг аввало, Ўзбекистон қонунчилигига амал қилишимиз лозим.

Абдукаримов хатосини тушунгани яхши бўлди. Ижтимоий тармоқларда ҳар хил бўлар-бўлмас изоҳлар ёзишдан олдин, сизни ‘катта оға’ кузатиб турганини унутманг», — дейилади хабарда.