19:21 | 24.07.24

                       

Ўзбекистонлик қиз немис тили бўйича Бутунжаҳон олимпиадасида ғолиб бўлди

Германияда ўзбекистонлик қиз немис тили бўйича Бутунжаҳон олимпиадасида ғолиб бўлди (видео).

15-22 июл кунлари немис тили бўйича Бутунжаҳон олимпиадаси ўтказилган Геттинген шаҳрида ғолиблар аниқланди.

Тегишли тил даражалари бўйича ўтказилган беллашувларда биринчи ўринни ўзбекистонлик, Андижон шаҳридаги 23-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Райёна Иброҳимова, бангладешлик Маҳек Хон ва шимолий македониялик Ана Котевска бўлишиб олди.

«Кумуш» ва «бронза» Мексика, Италия, Словакия, Полша ва Британиядан келган мактаб ўқувчиларига насиб этди, деб эълон қилди Берлиндаги Гёте институти 22 июл, душанба куни. Олимпиаданинг финал босқичида 14 ёшдан 17 ёшгача бўлган 100 нафардан ортиқ ўқувчи иштирок этди. Рақобатчилар орасида 62 давлат вакиллари бор эди.

Немис тили бўйича энг яхшилар

Гёте институти матбуот хизмати хабарига кўра, 16 ёшли Райёна Германиядаги университетлардан бирида немисшунослик йўналишида таҳсил олиш ва келажакда таржимонлик билан шуғулланишни режалаштирган. Халқаро танловнинг финал босқичига чиқиш учун у бошқа иштирокчилар сингари миллий танловда ғолиб бўлди.

Геттингенда ўқувчилар турли фанлар бўйича беллашди. Ҳар бир ўқувчи мустақил равишда Бутунжаҳон Тил Олимпиадаси журнали учун ўз онлайн саҳифасини яратиши керак эди – табиийки, бутунлай немис тилида. Шунингдек, билимлар гуруҳларда турли тақдимотлар ва импровизациялар орқали синовдан ўтказилди. Ҳакамлар ҳайъати нафақат немис тилини билиш даражасини, балки ижодкорлик, шунингдек, жамоада ишлаш қобилиятини ҳам баҳолади. Мусобақа иштирокчиларига кенг қамровли маданий дастур таклиф қилинди – Геттингеннинг диққатга сазовор жойларига ташриф буюриш.

Бутунжаҳон немис тили олимпиадаси ҳар икки йилда бир марта Германия шаҳарларидан бирида ўтказилади. Ташкилотчи Гёте институтидир. Тадбир Германиядан ташқаридаги мактабларда немис тилини ўрганишга қизиқишни оширишга қаратилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: