13:30 | 13.07.24
⚡️Ўзбекистонлик эркак 14 йил олдин москвалик қизни зўрлаб ўлдиргани аниқланди.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари 2010 йилнинг май ойида Москвада аёлни ўлдиришда гумон қилинган ўзбекистонлик эркакни қўлга олди. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитасининг Москва бўйича Бош тергов бошқармаси матбуот хизматига таяниб, ТАСС хабар берди.
«Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 105-моддаси (қотиллик) 1-қисмида назарда тутилган жиноят асосида жиноий иш қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Айбланувчи Жиноят-процессуал кодексининг 91-моддасига асосан ҳибсга олинган, у билан зарурий тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.
Тергов маълумотларига кўра, 2010 йил 11 май куни Москванинг Каховка кўчасида жойлашган турар-жой биноси ёнида аёлнинг жасади зўравонлик ва қотиллик аломатлари билан топилган.
Дастлабки босқичда қотилни аниқлашнинг имкони бўлмаган. Ўтган йиллардаги жиноятларни фош этиш ва тергов қилиш бўйича олиб борилган ишлар давомида жиноят иши материаллари таҳлил қилиниб, илгари тўпланган далиллар қайта ўрганиб чиқилган. Жиноят содир этилган пайтда имкони бўлмаган молекуляр-генетик суд-тиббий экспертизалари давомида эркак генотипи аниқланган. Текшириш чоғида биологик излар 38 ёшли Ўзбекистон фуқаросига тегишли эканлиги аниқланган. Унга нисбатан жиноий иш қўзғатилиб, эҳтиёт чораси танланади.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: