13:49 | 12.07.24

                       

«Ўзи бермаган ҳаётни олишга ҳаққи йўқ» — Одилжон Тожиев

«Ўлим жазосини тиклаш керак деганларга Конституция китобини совға қилиш керак». Депутат Алишер Қодировнинг 3 ёшли гўдакни ўлдирганларга нисбатан айтган гапини танқид қилди.

Тошкентда 31 ёшли аввал судланган эркак ўзи билан бирга яшайдиган аёл билан жанжаллашиб, унинг 3 ёшли ўғлини елка, бош ва кўзларига пичоқ тиқиб, ўлдиргани ҳақида хабар берилган эди. Шундан сўнг Олий Мажлис қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров «мурғак болага ваҳшийлик қилган инсон яшамаслиги керак»лигини айтди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Одилжон Тожиев Алишер Қодировнинг ўлим жазосини тиклаш кераклиги ҳақидаги гапларига муносабат билдирди.

«Бегуноҳ гўдакнинг умрига зомин бўлган кимсаларнинг яшашга ҳаққи йўқ, дея билдирилган иддао ‘ўлим жазосини тиклаш керак’ дегандек гап. Бир қарашда адолатли ва мақбул ечимдек кўринадиган ушбу таклифга мутлақо қўшилмайман», дейди у.

Унинг айтишича, ўлим жазоси эҳтимолий нохолис ўтказилган тергов ёки нотўғри чиқарилган ҳукм таъсирида жазоланган бегуноҳ инсоннинг ҳаёти бутунлай йўқотилишига олиб келиши мумкин.

«Тарих тирик гувоҳ. Суд қарори қанчалик адолатли кўринмасин, йиллар ўтиб жиноятчи аслида умуман бошқа шахс бўлганлиги аниқланган кейслар жуда кўп. Мисол учун каннибал Чикатило. Унинг қотиллиги деб бошқа инсон ўлим жазосига ҳукм қилинган», дейди Одилжон Тожиев.

Шунингдек, у ўлим жазоси жиноятчилик даражасига таъсир кўрсатмаслигини айтди.

«Жиноятлардан тийиб турадиган самарали воситалардан бири жазонинг шафқатсизлигида эмас, муқаррарлигида намоён бўлади.

Қолаверса, ўзга бир инсоннинг умрига нуқта қўйишга сабабчи бўлган қотилга ўлим жазосини берсак,  ўша ваҳший кимсадан фарқимиз қолмайди.

Давлат ўзи бермаган ҳаётни олишга ҳаққи йўқ, деб ўйлайман. Яшаш бу табиий ҳуқуқ!

Ўлим жазосини тиклаш керак деганларга Конституция китобини совға қилиш керак», дейди у.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: