14:00 | 24.04.23

                       

Парижда O‘zbekistonlik. Generating Ideas халқаро форуми бўлиб ўтди

Мазкур форумнинг мақсади хорижда муваффақиятга эришган ўзбекистонликлар ўртасида глобал нетворкинг майдонини яратишдан иборат

Франция пойтахти Париж шаҳрида 23 апрел куни O‘zbekistonlik. Generating Ideas халқаро форуми бўлиб ўтди. Бу Uzbekistan’s Club креатив жамоасининг мана шундай глобал миқёсдаги иккинчи форуми саналади. O‘zbekistonlik биринчи форуми 2022 йил 1 октябр куни Германия пойтахти Берлин шаҳрида бўлиб ўтганди.

Париж форумида дунёнинг турли бурчакларида катта муваффақиятга эришиб, жаҳон тоифасидаги профессионалларга айланган 200 дан ортиқ ўзбекистонликлар, Ўзбекистондан ташриф буюрган креатив ва медиа саноатининг етакчи вакиллари иштирок этди.

O‘zbekistonlik. Generating Ideas халқаро форумининг мақсади хорижда муваффақиятга эришган ўзбекистонликлар ўртасида глобал нетворкинг майдонини яратиш, Ўзбекистон тараққиётига хизмат қилиши лозим бўлган муҳим масалаларда фикр алмашишдан иборат. Шу мақсадда форум давомида инсон капиталини ривожлантириш, экология ва яшил иқтисодиёт, рақамли технологиялар ва креатив соҳалар каби мавзуларда муҳокамалар панели бўлиб ўтди.

Форумда O‘zbekistonlik филмининг учинчи қисми премераси бўлиб ўтди. Муваффақиятга эришган ватандошлар ҳаётидан ҳикоя қилувчи филмнинг навбатдаги эпизодида Страсбург филармония оркестри бадиий раҳбари ва дирижёри Азиз Шоҳакимов ва Shell компанияси IT-архитектори Мадина Бердиеванинг ҳикоялари намойиш этилди. Эпизоднинг оммавий премьераси 26 апрел куни соат 18:00 да YouTube ва My5 телеканали орқали бўлиб ўтади.

Форум очилишида сўзга чиққан Ўзбекистоннинг Франция ва Португалиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Сардор Рустамбоев лойиҳани қўллаб-қувватлашини, бу ўзбекистонлик ёшлар учун катта мотивация майдонига айланганини таъкидлади ва жамоага омад тилади.

Форумнинг энг асосий мавзуларидан бири Оролбўйи минтақаси муаммолари ва тобора йўқолиб бораётган Орол денгизи ҳақида бўлди. Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси ва Aral Dream нодавлат нотижорат ташкилоти жамоаси томонидан тайёрланган Оролбўйи муаммолари гирдобида яшаётган қорақалпоғистонликларга бағишланган «Туз ичидаги аёл» туркум лойиҳалари тақдимоти бўлиб ўтди. Лойиҳа қорақалпоғистонлик аёллар портрети, қисқа метражли филм ва Орол денгизидан илҳомланиб тайёрланган модалар кўргазмасини ўз ичига олади. «Туз ичидаги аёл» лойиҳасининг мақсади иқлим ўзгариши ва унинг Оролбўйи минтақасида яшовчи аёллар ҳаётига таъсирига жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини жалб қилишдан иборат. Қисқа метражли филмнинг онлайн премераси 25 апрел куни araldream.com сайтида бўлиб ўтади.

Тадбир давомида, шунингдек, форум меҳмонлари учун Uzbekistan’s club платформаси тақдимоти бўлиб ўтди. Халқаро миқёсда муваффақият қозониб келаётган ўзбекистонликларни бир ерга жамлаш мақсадида яратилган глобал платформанинг мақсади ушбу майдонни ўзбекистонликларнинг ақлий салоҳияти хабига айлантиришдан иборат. Тақдимотда хорижда муваффақиятга эришган ўзбекистонликлар энди uzbekistans.club сайти орқали рўйхатдан ўтиб, ўзлари ҳақидаги маълумотларни қолдириш орқали Uzbekistan’s club жамоасига қўшилиши мумкинлиги маълум қилинди.

Томошабинлар O‘zbekistonlik филмининг расмий саундтрекини рэпер Конста томонидан жонли ижрода кузатиш имконига эга бўлди. Клип тадбир бўлаётган вақтда қўшиқнинг YouTube тармоғи орқали кўришлар сони 250 мингдан ортганди. Uzbekistan’s Club жамоаси хорижда муваффақиятга эришган ватандошлар ҳақида янада кўпроқ ҳикоялар бериш, янада кенгроқ аудиторияга бу ҳақда етказиш, шунингдек, янги трендлар яратиш мақсадида янги журнал яратишга қарор қилди. Uzbekistan’s Club журналининг илк сони навбатдаги O‘zbekistonlik. Generating Ideas форумида ўқувчилар эътиборига тақдим этилиши маълум қилинди.

Форум ҳамкорларидан бири Pepsi савдо белгиси билан биргаликда кулинар шоу тақдим этилди. Унда ўзбек миллий таомларидан бири бўлган норин тайёрлаш жараёни шоу тариқасида ташкил этилди. Лойиҳа ижодкорлари келгусида дунёнинг энг катта шаҳарларида ўзбек миллий таомлари фестивалини ташкил қилиш ва шу орқали ўзбек миллий таомларини тарғиб қилиш мақсад қилинганини таъкидлаб ўтди.

Форумни ташкил этишда энг катта кўмак берганЎзбекистоннинг йирик компаниялари Orient Group, Uzbekistan Airways, Pepsi, Anorbank ва Ucell компанияси раҳбариятининг мурожаатлари тақдим этилди. Улар нима сабабдан мана шу лойиҳада Uzbekistan’s club жамоаси билан бирга эканликлари ҳақида сўзлаб берди.

Навбатдаги O‘zbekistonlik. Generating Ideas халқаро форум кузда дунёнинг йирик пойтахтларидан бирида бўлиб ўтади. Лойиҳа ижодий жамоаси бу йил ҳам филмнинг янги эпизодларини суратга олиш ва премера қилишни режалаштирган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: