19:21 | 27.07.24
«Перевал»да бошқарувни йўқотган ҳайдовчи 3 та машина билан тўқнашди. У қарама-қарши йўлга ҳам чиқиб кетган.
Қамчиқ довони ҳудудидан ўтувчи А-373 автомобил йўлининг 247-километрида 2024 йил 27 июл куни соат 05:00 ларда йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабарига кўра, ҳайдовчи, 1983 йилда туғилган А.К. CAMC русумли юк автомобилида ҳаракатланаётиб, эҳтиётсизлиги сабабли ўзи билан бир йўналишда олдинда ҳаракатланиб кетаётган Isuzu ҳамда Howo русумли юк автомобиллари билан тўқнашган ва йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб кетиб Mercedes-Benz Sprinter русумли автомобилига бориб урилган.
ЙТҲ оқибатида CAMC русумли юк автомобилида ёнғин юзага келган. Ёнғин ўт ўчирувчилар томонидан бартараф этилган.
Ҳодиса натижасида CAMC русумли юк автомобили ҳайдовчиси ва йўловчиси, 1995 йилда туғилган Б.Т. тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.
Ҳозирда ушбу ЙТҲ юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.